ЖССТ COVID-19 келаси йили пандемия мақомини йўқотишидан умид қилмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) келаси йилда COVID-19 ҳатто вирус сақланиб қолсада, ўзининг пандемия мақомини йўқотишидан умид қилади, деб баёнот берди ташкилот раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус.
"Умид қиламизки, келаси йилда COVID-19 соғлиқни сақлаш соҳасида глобал миқёсдаги фавқулодда вазият ҳисобланмайди", – деди у журналистлар билан бўлиб ўтган брифингда.
ЖССТ раҳбарининг эслатишича, бир йил олдин “Омикрон” штамми аниқланган ва тарқалиши энди кучая бошлаган эди.
"Ўшанда COVID-19 ҳафтасига 50 минг кишининг ёстиғини қуритган эди. Ўтган ҳафта камида 10 минг киши ҳалок бўлди. 10 минг ҳам жуда кўп ҳисобланади, барча мамлакатлар ҳали ҳам одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиши учун кўп иш қилиши мумкин", – дея қўшимча қилган у.