Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Aдханом Гебрейесус Ғазо секторидаги вазиятдан ўта жиддий хавотир билдирди ва Фаластин анклавига ҳужумни зудлик билан тўхтатишга чақирди.
– Биз гувоҳ бўлаётган вазиятдан хавотиримизни ифодалашга сўз топа олмаяпман, – деб ёзди у ижтимоий тармоқда. – Шошилинч равишда ўт очишни тўхтатиш керак.
Таъкидланишича, Ғазода давом этаётган тўқнашув, йирик портлашлар ҳақидаги хабарлар даҳшатли.
– Бир кун олдин жамоамиз Ғазо жанубидаги Носир касалхонасига ташриф буюрди, – дея фикрини давом эттирган ЖССТ раҳбари. – Касалхона 1000 нафар беморни қабул қилмоқда. Бу муассаса сиғимидан уч баробар кўп. Бинонинг ҳар бир бурчагини тўлдирган сон-саноқсиз одамлар бошпана изламоқда. Оғриқдан қичқираётган беморлар ерда даволаняпти. Тиббий хизмат шарт-шароитини тасаввур қилиб бўлмайди.
Ҳозиргача Исроил ҳужуми қурбонлари сони 15 мингдан ошди, улардан камида 6 150 нафари болалар, 4 000 нафари аёллар. 40 мингдан ортиқ фаластинлик яраланган.
Исроил ҳаводан, қуруқлик ва денгиздан оммавий тўпга тутиши, эксклавни тўлиқ қамал қилиши туфайли 2,3 миллион Ғазо аҳолиси озиқ-овқат, сув ва дори-дармон танқислигидан азият чекмоқда.
Ўтган ойдан бери қамалдаги ҳудудга ҳужум натижасида минглаб бино, жумладан касалхона, масжид ва черков ҳам зарар кўрган ёки бутунлай вайрон бўлган.
Исроилда эса қурбонлар сони 1200 га яқинлашди.
ХАМАС ва Исроил ўртасидаги келишув доирасида 24 ноябрь куни соат 08.00 да кучга кирган “Инсонпарварлик тиниши”га 1 декабрь, жума куни эрталабдан бошлаб амал қилинмаяпти.
ХAМAС “Гуманитар пауза” доирасида ҳар куни 200 юк машинаси, 4 ёнилғи танкери инсонпарварлик ёрдами билан эксклавга киришини эълон қилди.
Г.Сатторова, ЎзА