ЖССТ «Амбронол» ва «Док-1 Макс»нинг хавфлилиги ҳақида огоҳлантирди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти «Амбронол» ва «Док-1 Макс» дорилари сифат стандартларига жавоб бермагани учун огоҳлантириш берди. Бу ҳақда ЖССТ матбуот хизмати маълум қилди.
Ҳужжатга кўра, иккала дори Ҳиндистонинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компаниясида ишлаб чиқарилади. Фармацевтика идораси ЖССТга мазкур маҳсулотларнинг хавфсизлиги ва сифати учун кафолат бермаган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги сифатни назорат қилиш лабораториялари томонидан ҳар икки маҳсулот намуналарининг таҳлили шуни кўрсатдики, маҳсулотлар таркибида йўл қўйиб бўлмайдиган миқдорда диэтиленгликоль ва/ёки этиленгликоль мавжуд.
ЖССТ ушбу дорилар хавфсиз бўлмагани ва улардан фойдаланиш, айниқса, болаларга жиддий шикаст етказиши ёки ўлим ҳолатига олиб келиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.
ЎзА