2023 йилда вабо билан касалланганлар сони 2022 йилга нисбатан 13 фоиз, ушбу хасталик туфайли ўлим ҳолати эса 71 фоиз ўсган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Aданом Гебрейесус Женевада бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Қайд этилишича, гарчи олдини олиш мумкин, даволаниш осон бўлса-да, ўтган йил вабо 4000 кишини ҳаётдан олиб кетди. Можаролар, иқлим ўзгариши, хавфли сув ва санитария шароити, қашшоқлик ва мажбурий кўчирилиш эпидемиялар урчишига сабаб бўлмоқда. Бинобарин, минтақаларда вазият турлича: Яқин Шарқ ва Осиёда салбий ҳолат пасайиши кузатилди, Aфрикада эса касалланиш икки баробар кўпайди.
ЖССТ раҳбари сўзларига кўра, 2024 йил бошидан буён 342 мингдан ортиқ ҳолатда 2400 киши вафот этган. 22 мамлакатда фаол эпидемия давом этган. Гебрейесус вабога қарши вакцина тақчиллигига ҳам эътибор қаратиб, препарат ишлаб чиқаришни кўпайтиришга чақирди.
Ўтган йил вабога қарши тахминан 36 миллион доза инъекция ишлаб чиқарилган. Бу керакли миқдорнинг атиги 50 фоизини ташкил этади.