Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жозибадор нархларга ишониб, айёрона маркетинг тузоғига илиниб қолманг!
10:08 / 2022-07-04

Телевизион дўконлар орқали харид қилиш истеъмолчи учун қулай албатта.

Унда истеъмолчи уйдан туриб полни ювиш воситасидан тортиб то рангли бўёқларгача ҳамма нарсани буюртма қила олади. Келтирилган нархлар бир қарашда арзондек. Шунингдек, истеъмолчи исталган вақтда, ўзи хоҳлаган маҳсулотни уйни ўзиданоқ буюртма қилиши мумкин.

Мамлакатимизнинг бир қанча телеканалларида “онлайн теледўкон”лардан чиқишлар кунига бир неча бор такрор-такрор намойиш этилади. Аммо... 

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, “HOP SHOP”  теледўкони юзасидан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига жорий йилнинг ўтган даврида 90 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Жами зарар миқдори  эса 51 миллион сўмдан ортиқни ташкил этган.  

Қайд этилишича, буюртмалар айнан истеъмолчи кутганидек, яъни телевизорда намойиш этилганидан бутунлай бошқача бўлиб чиққанига эътироз билдирилган. 

Бошловчилар турли-туман маҳсулотларнинг юқори сифати ва нархи барчани қониқтириши мумкинлигини мақтаб таъриф беради. Ажабланарлиси, мазкур рекламаларда чегирмалар фақат намойишлар вақтида бўлиши таклиф қилинади. Телеканалда маҳсулот жуда сифатли ва нархи арзонлаштирилганлиги таъкидланади. Ана шу фаол реклама қилинаётган даврда истеъмолчи беихтиёр айёрона маркетинг тузоғига илиниб қолади. Устига-устак ролик сўнгида зудлик билан кўрсатилган рақамларга қўнғироқ қилиш ва маҳсулотни харид қилиш таклиф этилади. Истеъмолчи бундай ҳолатни пайқамай қолиб, буюртма қилишга шошилади.   

Товарларни ўрганиш учун фурсат йўқ! Буюртма етказиб берилганидан кейин айнан истеъмолчи кутганидек, яъни телевизорда кўрганидан бутунлай  бошқача бўлиб чиққанида турли эътирозлар юзага келади. 

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда истеъмолчи товар ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ва товарни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. 

Қонунга мувофиқ, агар товар ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилганлиги, зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир. Истеъмолчининг товар ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товарнинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилади. Нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Шунингдек, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда нуқсонли товар сотилганда, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб истеъмолчи белгиланган тартибдаги бешта ҳуқуқларидан бирини талаб қилишга ҳақли эканлигини айтиб ўтиш лозим.  

Булар товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш, товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш, товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш, харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш ва шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплашдан иборатдир. Истеъмолчи мазкур ҳуқуқларидан кафолат муддати давомида  товарнинг нуқсонлари аниқланган тақдирдагина фойдаланади. 

Истеъмолчи нуқсонли товар харид қилинганда ёки рекламада берилган  хусусиятларга эга бўлмаган товарни албатта қайтариш ҳуқуқига эга.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ишонч телефони –  1159 . 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА