French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жойлардаги муаммолар ўрганилди
14:21 / 2025-08-04

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги "Миллий тикланиш" партияси фракцияси раҳбари, партия марказий Кенгаши раиси Алишер Қодиров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Андижон вилоятида бўлди.

Ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш, жойлардаги вазиятни яхшилаш учун зарур чора-тадбирлар белгилаш мақсадида ташриф буюрган партия Ишчи гуруҳи вилоятдаги қатор объектларда ўрганишлар ўтказди, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишди.  

Дастлаб ишчи гуруҳ Марҳамат туманидаги “Мингтепа” очиқ осмон остидаги музейда, “Мингтепа” археология ёдгорлиги мажмуасида бўлди.

“Мингтепа” музейи 2013 йилда ташкил этилган. Бу ерда қадимий Мингтепа шаҳрининг узоқ мозийдан то яқин тарихигача бўлган даврини акс эттирувчи нодир экспонатлар, осори-атиқалар, фотосуратлар, 2 - 2,5 минг йиллик тарихга эга қалъалар макети ва қадимий қўлёзма асарлар жамланган.

Тарихий манбалар ҳамда археолог-олимларнинг маълумотларига кўра, “Мингтепа” археология ёдгорлиги қадимда юксак даражада тараққий этган Довон (аксарият манбаларда Даван деб келтирилади) номи билан машҳур давлатнинг пойтахти Эрши шаҳрининг харобалари деб тахмин қилинади.  

[gallery-24596]

Ҳозирда Мингтепа ёдгорлиги харобаси ички ва ташқи шаҳар қисмларидан иборат бўлиб, ички қисм 41,2 гектар, ташқи шаҳар қисми эса 320 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган.

Манбаларда ёзилишича, “Мингтепа” қадимда милоднинг V асрларида Фарғона водийси ҳудудида аҳоли зич яшаган Довон давлатининг маркази, яъни бош шаҳри бўлган. Унинг тарихи ҳақидаги илк маълумотлар Хитой манбаларида учрайди. “Буюк ипак йўли”да жойлашган бу маҳобатли шаҳар ривожланган ҳунармандчилиги, деҳқончилиги ҳамда “самовий тулпорлари” билан машҳур бўлган. Бу ерда баландлиги 18 метрга етадиган, мустаҳкам мудофаа деворлари ўтган бўлиб, улар шаҳарнинг ҳарбий ва стратегик қудратини ифодалаган.

Алишер Қодиров ушбу тарихий обида атрофида олиб борилган ишлар билан танишиб, бу ер - аждодларимизнинг тафаккури, меъморчилик анъаналари ва давлатчилик ғояларини ўзида мужассам этган тарихий маскан, уни асраш билан бирга, илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш ҳам муҳим эканлигини таъкидлади. Ёдгорлик мажмуасига халқаро экспертларни жалб этиш, зарур илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш юзасидан чора-тадбирлар белгилаш бўйича тегишли вазирликларга расмий сўров юбориш лозимлигини алоҳида қайд этди.  

Шундан сўнг ишчи гуруҳ Асака туманидаги "Асака агростар" масъулияти чекланган жамияти фаолияти, ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли даромадини ошириш борасидаги ишлар билан танишди.  Жараёнда партия етакчиси ҳудудда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштираётган тадбиркорлар, деҳқонлар билан учрашиб, давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 30 июль куни мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишда белгилаб берилган вазифалар хусусида мулоқот  ўтказилди.  

Мулоқотда мазкур йўналишда амалга оширилиши муҳим бўлган вазифалар, муаммолар муҳокама қилинди, тадбиркор ва деҳқонларнинг таклифлари эшитилди.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари