Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона қонунчилигидаги ўзгариш ва янгиланишларни кенг тарғиб этиш, улар фаолиятида божхона расмийлаштируви ва назорати билан боғлиқ мавжуд муаммо ва масалаларни ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи З.Турдалиев Қўнғирот туманида бўлиб, тадбиркорлик субектлари вакиллари билан учрашди.
Тумандаги ёғочдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхона Россия Федерациясидан импорт қилинган ёғоч маҳсулотларини қайта ишлаб, маҳаллий йирик ишлаб чиқарувчи корхонани тайёр маҳсулот билан таъминлаб келмоқда. Мазкур ҳолатда корхонага “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими афзалликларидан фойдаланиш орқали келгусида экспорт кўрсаткичларини ошириш юзасидан тавсиялар берилди.

Кейинги манзилда бошқарма бошлиғи тумандаги божхона омборларидан бирида сақланаётган товарларни божхона режимлари бўйича ўрганиб, бу ерда пост ходимлари томонидан амалга оширилаётган божхона кўриги жараёнларида бевосита иштирок этди. Тадбиркорлик субъектлари ва божхона пости ходимлари билан ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар, товарларни божхона кўригидан ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари ва ушбу жараёнларда алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар юзасидан суҳбат олиб борилди.
Таъкидлаш жоизки, товарларнинг божхона кўриги жараёнларида “Божхона кўриги” мобил иловаси ва “Автотақсимот” модулининг ишга туширилиши натижасида бошқарма миқёсида амалга оширилган кўрикларнинг самарадорлик даражаси 3,6 фоиздан 9,3 фоизга ошиб, ушбу тизим орқали жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қиймати 2,4 миллиард сўмга тенг ноқонуний товар моддий бойлик аниқланди. Мазкур товарлар бўйича 1,5 миллиард сўмга яқин қўшимча божхона тўловлари Давлат бюджетига ўтказилиши таъминланди.
Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Ўразалиев Нукус шаҳридаги шиша толасидан замонавий технологиялар асосида тайёр қурилиш материаллари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхонада бўлиб, тадбиркорлик субъектига божхона қонунчилигидаги ўзгаришлар натижасида яратилган шароитлардан корхона ривожи, экспорт салоҳиятини ошириш йўналишида кенг фойдаланиш юзасидан тавсиялар берди.
–Йилига 10 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур корхона ҳозирда ўз маҳсулотларини фақат ички бозорга йўналтириш билан чегараланмоқда. Учрашувда корхонага келгусида товарлар экспортини йўлга қўйиш ва бунда “Экспорт 3 қадамда” тизими афзалликларидан фойдаланиш тартиб-таомиллари атрофлича тушунтирилди, – дейди бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Ўразалиев.
Жойларда тадбиркорлик субъектлари билан бўлиб ўтган учрашувларда асосий эътибор корхоналарда “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими ва “Экспорт уч қадамда” тизимидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга қаратилди. Шунингдек, тайёр маҳсулотларни Европа ва бошқа хорижий бозорларга экспорт қилишдаги мавжуд муаммолар ҳам ўрганилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири