Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жойларда кундузги парвариш хизмати ташкил этилмоқда (+видео)
20:14 / 2025-07-15

Бугунги кунда юртимизда ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш орқали оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи сабабларни бартараф этиш ва оила аъзоларига меҳнат қилишига шароит яратиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларнинг оила қарамоғида қолишини таъминлаш ва уларни кундузги парвариш хизмати билан қамраб олишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Бунда Президентимизнинг 2025 йил 3 февралдаги “Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини бажармоқда. 

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида барча ҳудудларда босқичма-босқич давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилмоқда. Навоий вилояти Навбаҳор туманида ҳам тадбиркор Нафиса Қамбарова томонидан “Лого-нутқ” МЧЖ ташкил этилиб, кундузги парвариш хизмати фаолият кўрсата бошлади.

Барча шароитларга эга муассасада 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар тенгдошлари билан мулоқотга киришиб, қўшимчасига уларга психологик ва ижтимоий кўмак кўрсатилмоқда.

[gallery-24323]

– Марказимизни ташкил этишдан мақсад ногиронлиги бўлган болалар учун қулай шароитлар яратиш, болажонларимизни келажакда соғлом бўлиши, ривожланишига ёрдам бериш, – дейди Н.Қамбарова. – Хоналаримизни болажонларимизнинг хавфсизлиги учун махсус тутқичлар, қопламали ёстиқчалар билан жиҳозлаганмиз. Бу жисмоний даволашга мўлжалланган невроинтеграция хонамиз. Бундан ташқари, бизда логопед машғулотлари, эрготерапия, ЛФК машғулотлари ўтказилади. Буларнинг барчаси болажонларимиз учун ташкил қилинган. Болажонларимизнинг келадиган масофаси узоқлигини ҳисобга олган ҳолда транспорт хизматини йўлга қўйганмиз. Марказимизга келадиган бир болажонимизнинг онасини иш билан таъминлаганмиз. Фаолият юритадиган ходимларимиз олий маълумотли педагоглар, логопед ва дефектологлар ҳамда ёрдамчи тиббиёт ходимларидан иборат. Марказимиз 36 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 14 нафар бола билан фаолият олиб боряпмиз. 

Муассасада тарбиячилар томонидан турли хил ривожлантирувчи машғулотларнинг ташкил этилаётгани эса болаларда янги ҳаётий кўникмалар шаклланишида ёрдам бермоқда.

– Ўғлим туғилганидан пойтахтга, Самарқанд ва Бухорога олиб бориб, тиббий муолажалар олдик, – дейди Иқбол Примова. – Мактабга чиқиш ёшига етганлиги учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ташкил этилган кундузги парвариш хизматига бердим. Хизматнинг шароитларини кўриб, танишдим. Ётоқхоналари болаларга мос қилиб жиҳозланган. Ўзим олий маълумотлиман. Иккита дипломим бор. Лекин ўғлимда ногиронлик бўлганлиги боис ишдан бўшаганман. Энди ўғлим шу ерга ўрганиб, кундузги парвариш хизматига мослашса, мен ҳам ишга чиқмоқчиман. 

Асосийси энди доимий равишда фарзандининг ёнида бўлган оналар уй-рўзғор ишларига, шунингдек, ўзи учун ҳам вақт ажрата олади. Касб ўрганишга, ҳунар эгаллашга имкони бўлади. Ишлаб жамиятга қўшилиб, оиласига даромад олиб келиши мумкин.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/H1b0HxmwPZQ" title="Joylarda kunduzgi parvarish xizmati tashkil etilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари