Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда шаҳар божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Учтепа туманида яшовчи, 1978 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган фуқаронинг хонадони тегишли тартибда текширилди. Натижада 1 кг. 999 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Мазкур фуқаро учинчи шахслар томонидан Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан келтирилган ушбу ажал оғусини келгусида сотиш мақсадида сақлаб келган.
ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса Булоқбоши туманида яшовчи, 1965 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган фуқаронинг хонадонида 2 кг. 135 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, ушбу наркотик моддани Қирғизистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келган Булоқбоши туманида яшовчи 1982 йилда туғилган шахс ҳам ушланди.
Бошқа бир ҳолатда эса Андижон тумани ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс бошқарувидаги «Ласетти» русумли автомашина тўхтатилди. Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унинг салонида 497 дона «Трамадол» гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлди.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида у мазкур наркотик дори воситаларини Булоқбоши туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган шахсдан олганлиги маълум бўлиб, у ҳам қўлга олинди. Шунингдек, ушбу шахснинг хонадонидан ҳам 4640 дона «Трамадол» гиёҳвандлик воситаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Бундан ташқари, ДХХ Сирдарё ва Наманган вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда Янгиқўрғон туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилоятида яшовчи, 2000 йилда туғилган фуқаро ҳамда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи 1987 йилда туғилган шахс Қирғизистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган 5264 дона «Лирика» ва 300 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган вақтида ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА