Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жош Тейлорнинг чемпионлик камари ҳамюртларимизга насиб этармикан?
11:05 / 2022-05-17

Профессионал бокснинг WBА йўналишида энг енгил вазн тоифасида (63,5) мутлақ Жаҳон чемпиони Жош Тейлорнинг бошқа вазн тоифасига ўтиши унга тегишли камар вақтинча эгасиз қолишига олиб келди.

Аммо, профрингда ҳеч бир ўрин бўш қолмаслиги барчага аён. Унга даъвогарлар, талабгорлар ҳамиша топилади. Бундан бир қанча муддат аввал WBА Тейлор ва мажбурий даъвогар  доминиканлик Альберто Пуэлло ўртасида жангни ўтказилиш эълонини берганди.

Вазиятнинг бундай бурилиш олиши катта эҳтимол билан WBА чемпионлик камари учун Пуэлло ва ушбу оғирликда иккинчи поғонада бораётган венесуэлалик Исмаэль Барросо ўртасида кечиши кутилмоқда.

Бироқ, катта бокс оламида ҳар нарса рўй бериши мумкинлигидан келиб чиқилса, кутилмаганда бошқа номзодлар ҳам бўй кўрсатиб қолиши ҳайратланарли ҳол эмас. Балки, ушбу йўналишда даъвогарлар сафида бораётган ҳамюртларимиз Шаҳрам Ғиёсов (7) ёки Шоҳжаҳон Эргашев (13) Барросо ўрнини эгаллаши мумкин. Бу вақт ҳукмига ҳавола. Эҳтимол, ҳар икки боксчимиздан рейтингда бироз илдамроқда турган асли ўзбекистонлик, ҳозирда Россия номидан иштирок этаётган Ботир Аҳмедов (6)га омад кулиб боқар.

Лекин  венесуэлалик Исмаэль Барросодан кейинги қаторлардан жой олган германиялик Охара Дэйвис,  Испания вакили Сандор Мартин, АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган Реджис Прогрейсларни ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Нима бўлганда ҳам ҳамюртларимиз орзуманд бўлган жаҳон чемпионлик камари атрофида «музлар силжигани» рост.

Шунингдек, Бутунжаҳон бокс уюшмаси (WBC) вазн тоифаларидаги янгиланган рейтингини эълон қилди.

Эътиборлиси, ушбу йўналишда жаҳон профессионал бокс оламида ўз ўрнида собит одимлаётган ўзбекистонлик боксчилар ҳам қайд этилган.

Жумладан, кейинги пайтда иккинчи ўрта вазнда (76,2 кг.) маълум бир ютуқларга эришиб келаётган истеъдодли боксчимиз Азизбек Абдуғофуров россиялик Фёдор Чудиновни мағлуб этгани ҳисобига яна кучлилар сафига, яъни ТОП-15ликдан ўрин эгаллаганлиги кўрсатилди.

WBC 40 талик рейтингда ҳам бир қатор чарм қўлқоп усталаримиз номи кўрсатиб ўтилди. Ўз йўналишларида Баҳодир Жалолов 32-ўрин, Бектемир Мелиқўзиев 39-ўрин, Исроил Мадримов 9-ўрин, Қудратилло Абдуқаҳҳоров 21-ўрин, Шаҳрам Ғиёсов 26-ўрин, Шоҳжаҳон Эргашев 23-ўрин, Отабек Ҳолматов 34-ўрин, Исломбек Пирманов 38-ўрин ҳамда Ҳасанбой Дўсматов 15-ўриндан жой олганлиги белгиланган.

Т.Рўзиев, ЎзА