Италия Яқин Шарқдаги вазият кескинлашаётган бир пайтда ҳарбий можарога қўшилиш ниятида эмас. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Жоржа Мелони маълум қилди.
“Italpress” ахборот агентлиги ёзишича, халқаро ҳуқуқ ва кўп томонлама институтлар нуфузи сусайиши глобал беқарорликни кучайтираётганини таъкидлаган Мелонининг фикрича, айни ҳолат халқаро муносабатларда тартибсизлик ортишига олиб келади.
Италия ҳукумати раҳбари бугунги мураккаб шароитда мамлакат бир неча йўналишда фаол иш олиб борилаётганига урғу берди. Хусусан, дипломатик саъй-ҳаракат орқали Эрон ядровий дастури бўйича музокарани қайта тиклаш имконияти ўрганилмоқда.
Шу билан бирга Мелони Италия урушга кириш ниятида эмаслигини алоҳида қайд этди. Мамлакат ҳудудидаги АҚШ ҳарбий базаларидан фойдаланиш 1954 йил имзоланган келишувга асосланади. Агар ушбу мажмуаларни бирор ҳарбий амалиёт учун ишлатиш бўйича мурожаат тушса, масала парламент билан бирга кўриб чиқилади.
Д.Ҳакимов, ЎзА