АОКАда бўлиб ўтган брифингда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев сувда чўкиш билан боғлиқ ҳодисаларнинг олдини олиш борасидаги профилактик тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланишича, республикамизда аҳолининг сувда чўкиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида қатор профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ёз мавсуми олдидан 9 минг 942 та умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, профессионал таълим муассасаларининг ўқувчилари ва 160 дан ортиқ олий таълим муассасаларининг талабалари билан “Сув ҳавзаларида чўмилиш қоидаси – саломатлик ва хавфсизлик гарови” мавзусида тадбирлар ўтказилди. Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди.
Республика ҳудудларидаги 1 минг 131 та, шундан 205 та стационар болалар дам олиш оромгоҳлари ва 926 та таълим муассасаларида ташкил этилган “Соғломлаштириш майдончалари” ҳамда 50 дан ортиқ сув омбори, 39 та пляж, 170 дан ортиқ бассейн ва сунъий кўллар тўлиқ назоратга олинди.
Бироқ, кунларнинг кескин исиб кетиши, шунингдек ҳамюртларимизнинг сувда хавфсизлик талабларига риоя қилмасликлари оқибатида сувда чўкиш ҳолатлари ташвишли ҳисобланмоқда.
2022 йилнинг бугунги кун ҳолатига кўра, ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармалари Сувда-қутқарув гуруҳлари томонидан жами 142 нафар фуқаронинг чўкиши билан боғлиқ бахтсиз ҳолатларга чиқишлар амалга оширилган бўлиб, булардан 51 нафари чўмилиш оқибатида, 85 нафари эҳтиётсизлик оқибатида юзага келган. Энг ачинарлиси ушбу чўкканларнинг 45,3 фоизи вояга етмаганлардир.
Юқоридаги рақамларга эътибор берадиган бўлсак, чўкиб кетганларнинг 51 нафари чўмилиш тақиқланган, рухсат этилмаган, чўмилиш учун шароитлари бўлмаган, хавфли сув ҳавзаларида чўмилганликлари оқибатидир.
85 нафар фуқаро ўз эҳтиётсизликлари оқибатида сувда чўкиб ҳалок бўлган. Ўрганиш натижаларига кўра, улар дарёлар, каналлар ҳамда ариқларнинг устидаги сув, газ, чиқинди оқава сув қувурларидан йўлни қисқартириш мақсадида кўприк сифатида фойдаланиб ўтишлари ҳамда сув ҳавзалари қирғоқ бўйларида хавфсизлик қоидаларига риоя этмаганликлари сабабли чўккан.
Юқорида айтиб ўтилган энг ачинарли ҳолатлардан бири вояга етмаганлар билан боғлиқдир,.Бунинг асосий сабаби болаларни қаровсиз қолдириш, вояга етмаган ака-опасига ишониб қолдириш ёки ўзига эътибор керак бўлган ёши катта бува-бобосига топшириш оқибатида болани керакли даражада назоратга ололмаганликлари оқибатида юзага келган.
– Чўкиш билан боғлиқ ҳодисаларнинг юз бермаслиги учун авваламбор чўмилиш қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим, – дейди Самандар Ҳикматуллаев. – Бунинг учун биринчи навбатда об-ҳаво қуёшли ва шамол бўлмаган пайтда, ҳаво ҳарорати 30-38 даражадан кам бўлмаган шароитда чўмилиш тавсия этилади. Қорин оч бўлганда, чарчаганда, чанқаганда, яқинда беморликдан турганда, спиртли ичимлик истеъмол қилинганда, ёлғиз бўлганда ва офтоб уриш ҳолларида чўмилиш тақиқланади.
Таъкидланишича, тақиқланган жойларда чўмилиш, ёш болаларни сувда қаровсиз қолдириш, кўприк, дамба ва дарахтлардан сувга сакраш, нотаниш жойларга шўнғиш мумкин эмас.
М.Қосимова, ЎзА