Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарув раиси Мамаризо Нурмуратов иқтисодий ўсиш суръатларининг жадаллашиб бориши ва нархларни оширувчи омилларнинг сақланиб қолаётгани шароитида йил якунига қадар инфляция даражасини 10 фоизгача пасайтириш ва келгусида 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилганини маълум қилди.

Шунингдек, йил бошидан бошлаб иқтисодий фаолликнинг жадаллашуви ва пандемия билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиб бориши ҳисобига ички ва ташқи талаб динамикасида ижобий тенденциялар кузатилган.
2021 йил 9 ойи якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 6,9 фоизни ташкил этди. Бунда, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 9 фоизга, қишлоқ хўжалиги – 4,2 фоизга, қурилиш ишлари – 4,5 фоизга ва асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар – 5 фоизга ўсди. Ушбу даврда аҳоли даромадлари реал ҳисобда 10,4 фоизга ошди. Шу билан бирга, иқтисодиётнинг айрим соҳаларида иқтисодий фаолликнинг пандемияга қадар бўлган даврдаги даражасигача тикланиши узоқроқ муддатни талаб этмоқда.

Ички ва ташқи туризм, транспорт хизматлари, автомобиль ишлаб чиқариш (ўтган йил 9 ойга нисбатан 32,4 фоизга пасайган) ва умумий овқатланиш соҳалари ҳали ҳам 2019 йил даражасига етгани йўқ.
Истеъмол талаби ҳолатини кўрсатувчи чакана савдо айланмаси 2021 йилнинг дастлабки 9 ойида реал ҳисобда 9,8 фоизга ўсгани, ўз ўрнида, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида 10,9 фоизга ўсган бўлса, озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 18,3 фоизга ва ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,9 фоизга кўпайгани қайд этилди.

Матбуот анжуманида тижорат банклари томонидан 2021 йилнинг 9 ойида иқтисодиётга ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33 фоизга ўсиб, 119,5 триллион сўмга етгани, бунда, ушбу даврда аҳолига ажратилган автокредитлар миқдори 1,6 баробарга, микроқарзлар – 1,7 баробарга ва микрокредитлар – 2,3 баробарга ўсгани маълум қилинди.
Шунингдек, жорий йил якунлари бўйича кредит қўйилмалари ўсишининг номинал ЯИМ ҳажми ўсишига мутаносиб равишда 16-18 фоиз доирасида бўлиши кутилилаётгани қайд этилди.

Шаҳноза Маматуропова, Нишонбой АБДУВОИТОВ (сурат), ЎзА