Маълумки, республикамиз бўйлаб 15 ноябрь кунидан 15 декабрь кунига қадар “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” эълон қилиниб, ойлик доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида бир қатор профилактик тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида “Аҳоли турар жойлари, жамоат бинолари ва саноат обектлари хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалалари: муаммо ва ечимлар” республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикасининг Вазирлик ахборот хизмати ходимлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар, курсантлар, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Республикамизда қиш мавсуми олдидан ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини янада кучайтириш қаратилган “Ёнғин хавфсизлиги ойлигини” юқори савияда ўтказиш ҳамда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш ва унинг оқибатларини баратараф этиш, мавжуд муаммолар, уларнинг ечими ва ёнғинга қарши муҳофазани такомиллаштириш, ўзаро ҳамкорликни яхшилаш, тажриба алмашиш, ўтказилган муҳокама натижаларини келгусида ўқув жараёнига татбиқ қилиш, шунингдек курсантлар ва тингловчиларни илмий-тадқиқот ишларига кенг жалб этиш билан бир қаторда, республикамизда ёнғин хавфсизлиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш ҳамда талаба ва курсантларнинг назарий, амалий билим ва кўникмаларини янада ошириш мақсадида ташкил этилган тадбирда бир қатор тегишли вазирлик, қўмита ва ташкилотлар масъуллари, Ёшлар ишлари агентлигининг фаол ёшлари, университет ва институт профессор – ўқитувчилари ва талабалари, курсантлар ҳамда ҳарбийлар иштирок этди.

Анжуманни академия бошлиғи генерал-майор Равшан Ҳайдаров кириш сўзи билан очиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Янги Ўзбекистондаги Янги уйғониш - Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини барпо этиш йўлида халқимиз, айниқса ўсиб келаётган ёш авлод вакиллари учун кенг имкониятлар яратилаётгани, бу борада фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф қилиш соҳаси учун ҳам юксак маънавиятли, ватанпарвар, инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани, шунингдек, сўнгги йилларда аҳоли ҳаёти ва соғлиғи, жисмоний ва юридик шахслар мулкининг ишончли ҳимоясини таъминлайдиган яхлит тизими шакллантирилганлигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда қайд этилганидек, республикамизда 2022 йилда жами 10 минг 260 та ёнғин ҳодисаси юз бериб, унда 284 нафар фуқаро жабрланган, шундан 107 нафари вафот етган, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга 214,6 млрд сўмлик зарар етказилган. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида эса жами 8 минг 293 та ёнғин содир бўлган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 44 тага кўп содир бўлганлигини кўришимиз мумкин.
Ёнғинлар натижасида 56 нафар инсонлар ҳалок бўлган бўлса, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 тага камайганини, жароҳат олганлар эса 135 нафарни ташкил етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 тага камайганини кўришимиз мумкин.
Анжуманда сўзга чиққанлар, соҳа ходимлари томонидан содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳаларидаги мавжуд муаммоларини таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш, йўл қўймаслик давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро ҳамда миллий доираларда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш билан бир қаторда, олимлар ва соҳа мутахассислари ўртасида айнан қиш мавсумида ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари, барча турдаги таълим муассасалари ҳамда аҳоли кўп йиғиладиган масканларда фавқулодда вазиятлар ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муҳим масалалар билан бирга ёнғинга қарши муҳофаза тизимидаги янгича замонавий ёндашувлар ва соҳага оид илм-фан ютуқлари хусусида кенг фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Анжуман доирасида иштирокчиларга асосий ва махсус ёнғин-қутқарув техникалари, куч ва воситалар унинг имкониятлари билан таништирилди, Академия фаолияти ва ёнғин тўғрисидаги видеолавҳалар намойиш этилди, шунингдек, ёш олимлар, профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар (курсантлар) томонидан яратилган ихтиролар, инновацион ишланмаларнинг намойиши ҳамда етакчи нашриётлар томонидан китоб ярмаркаси ташкил этилди.
Тадбир сўнгида фаол иштирок этган профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, тадқиқотчилар, иқтидорли талабаларга ташаккурнома ва сертификатлар топширилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА