Бугун АОКАда ўтказилган матбуот анжумани «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан 2024 йилнинг I ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ва 2024-2025 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларига бағишланди.
Унда жамият масъуллари қайд этганидек, бугунги кунда республикадаги 8 миллиондан ортиқ истеъмолчи узлуксиз табиий ва суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 12 081,1 миллион метр куб (шундан, аҳолига – 6 800,7 млн. метр куб) табиий ва 311,6 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилган.
Аҳоли хонадонлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумида табиий газ билан барқарор таъминлаш учун тасдиқланган аниқ манзилли чора-тадбирлар доирасида ҳудудларда 63,4 км. тармоқлар таъмирланди ва аҳоли массивлари, ижтимоий-иқтисодий тармоқлар учун 59,1 км. янги газ тармоқлар қурилди.
Олти ой давомида 176,5 минг хонадоннинг газ таъминоти икки босқичли тизимга ўтказилиб, 4,1 мингта газ тақсимлаш пункти демонтаж қилинди ҳамда технологик йўқотишлар йиллик 1,3 миллион метр кубга қисқартирилди.
[gallery-18914]
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидаги 282 мингдан ортиқ маънан эскирган газ жиҳозлари хавфсиз, самарадорлиги юқори ва энерготежамкор жиҳозларга алмаштирилиб, йиллик 61,2 миллион метр куб табиий газни иқтисод қилишга эришилди.
«Маҳаллабай» ишлаш тизими йўлга қўйилиб, бевосита маҳаллада ишлашга 4,5 мингдан ортиқ ходим йўналтирилди ва табиий газ билан таъминланадиган 6,1 мингдан зиёд маҳалла қамраб олинди.
Аҳолига кўрсатилаётган хизматларда рақамли технологиялар улушини ошириш мақсадида истеъмолчилар билан табиий газ таъминоти бўйича шартномаларни расмийлаштириш жараёнлари тўлиқ онлайн тизимга ўтказилди ҳамда истеъмол қилинган газ маълумотларини олиш, назорат қилиш учун шахсий кабинет веб дастур ва мобил илова кўринишида яратилди.
Республика газ таъминоти тизимини 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун ўтган йиллар куз-қиш мавсумида кузатилган муаммо ва камчиликлар пухта таҳлил қилиниб, натижадор ва аниқ манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва ҳудудларда тизимли ишлар ташкил этилди.
Тадбирда йил давомида бажариладиган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Унга кўра, ҳудудлардаги 162,8 км. газ тармоқлари ва 455 та газ тақсимлаш пунктлари таъмирланади ҳамда аҳоли массивлари, ижтимоий-иқтисодий тармоқлар учун 101,0 км. янги тармоқлар қурилади. Шунингдек, 6 478,4 км. газ тармоқларини босим остида зичликка синаш, ҳаво босими ёрдамида тозалаш ҳамда ер ости газ қувурларининг 5 881,5 км. қисмини махсус прибор ёрдамида текшириш, 3 378,8 км. газ қувурларини эстетик жиҳатдан тартибга келтириш режалаштирилган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА