Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан махсус иқтисодий зоналарда ишлаб чиқарилган ва аҳоли ўртасида энг харидоргир бўлган маҳсулот турлари аниқланди.
Махсус иқтисодий зоналарда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган хилма-хил, сифатли, замонавий маҳсулотларнинг 47 фоиздан кўпроғи аҳолига сотилмоқда.
Истеъмолчилар қандай маҳсулотларни афзал билишини баҳолаш учун Истеъмолчиларнинг афзал кўриш индекси (ICP)дан фойдаланилди. Ушбу индекс савдо ҳажми индекси, истеъмол нархлари индекси ва товар захиралари қолдиқлари индексини ўз ичига олади.
Индекслар истеъмол учун мўлжалланган 27 хил маҳсулот бўйича ҳисобланган бўлиб, улар ишлаб чиқарилган жами истеъмол маҳсулотларининг 81 фоизини ташкил этади. ICP методологияси асосида истеъмол маҳсулотлари рейтинги тузиб чиқилди.
2022 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, истеъмолчилар орасида 11 турдаги маҳсулотга талаб ортган. Бу ўрганилган маҳсулот турлари умумий миқдорининг 40,7 фоизи демакдир.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида 15 турдаги маҳсулот бўйича савдо ҳажми ошган, 10 турдаги маҳсулот бўйича истеъмол нархлари пасайган, 9 турдаги маҳсулот бўйича эса товар захиралари қолдиғи кузатилди.
Тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари, озиқ-овқат, кимё, металл ва машинасозлик, қоғоз ва шиша маҳсулотлари йилнинг дастлабки ойларида аҳоли ўртасида талаб энг юқори маҳсулотлар бўлди. Йилнинг биринчи ярмида тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотларининг ўрнини электротехника маҳсулотлари эгаллади. 2022 йилнинг 9 ойида фармацевтика маҳсулотлари биринчи ўринга кўтарилди ва истеъмолчиларнинг автомобилларга қизиқиши ортди.
Агар ICP субиндексларига эътибор қаратадиган бўлсак, 2022 йилнинг 3 та чорагида савдо индекси бўйича автомобиллар ва бошқа автомототранспорт воситалари, устара ва устара пичоқлари, гулқоғозлар, тагликлар ҳамда иситиш печларига бўлган талаб ўзгармагани ва ушбу маҳсулотлар етакчи ўринларни сақлаб қолганини кўриш мумкин.
Истеъмол нархлари индекси бўйича ҳар чоракда мевалар, ёнғоқлар ва тайёрланган ёки консерваланган бошқа маҳсулотлар, устара ва устара пичоқлари, гулқоғозлар, иситиш печларининг нархларида пасайиш кузатилди. Шунингдек, жорий йилнинг 3-чорагида нархлари пасайган истеъмол маҳсулотларининг турлари йил бошидагига нисбатан 2 баробар ошди.
Товар захиралари қолдиқлари индекси бўйича жорий йилнинг 9 ойи давомида телефон аппаратлари, маиший электромеханик машиналар ва консерваланган ловия маҳсулотларининг захира қолдиқлари камайиши қайд этилди. Захира қолдиқларининг камайиши бўйича энг кўп маҳсулот тури 2-чоракда кузатилди.
ЎзА