Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жорий йилнинг 8 ойида коррупцияга оид 85 та жиноят иши қўзғатилган
12:43 / 2023-09-29

Навоий вилоятида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакилларининг вилоятдаги икки кунлик ўрганишлари якунлари ҳамда ҳудудий кенгашнинг 2023 йилдаги фаолияти самарадорлиги, шунингдек, коррупцияга оид жиноятчилик ҳолати, келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш учун кўрилаётган профилактик чоралар ҳақида сўз юритилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ вакиллари “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида Навоий давлат педагогика институти, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказининг вилоят филиали, “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали, “Қишлоқ жойларини барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида эса Навбаҳор туманида амалга оширилаётган лойиҳаларга ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, бу жараёнда очиқликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди.  

Коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳудудлар фаолиятини баҳолашга қаратилган турли рейтингларда Навоий вилояти қониқарсиз натижаларни қайд этмоқда.

2023 йилнинг ўтган 8 ойида жами 85 та коррупцияга оид жиноят иши қўзғатилиб, шундан 129 нафар шахсга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган. 52 нафар турли даражадаги мансабдор шахс коррупцион жиноят содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Очиқлик индексида эса Навоий вилояти ҳокимлиги “сариқ” тоифага киритилган. Айни пайтда ҳокимликнинг очиқликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда ижобий тажрибаларни оммалаштириш бўйича Агентлик томонидан ишлаб чиқилган тавсиялар асосида иш олиб борилмоқда.

Йиғилишда вилоятдаги давлат ташкилотлари томонидан давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузиш ҳолатлари, вилоят ва туман(шаҳар) ҳокимлиги айрим мансабдор шахсларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги танқид қилиниб, мазкур масалани ҳудудий кенгаш йиғилишида танқидий муҳокама қилиш, ўз вазифасини лозим даражада бажармаган масъулларнинг жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш лозимлиги қайд этилди.

Тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали коррупцияга қарши курашиш жараёнини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Ҳудудий кенгаш фаоллигини ошириш, унинг аъзолари масъулиятини кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, вазифалар белгилаб олинди.

А.Бўриев, ЎзА