Айтиш ўринлики, Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан жорий йилнинг 7 ойида жами 12,9 трлн. сўмлик ҳужжатлар ижроси таъминланиб, амалда ундирув кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга ўсди.
Биргина, давлат фойдасига 5,2 трлн. сўм маблағ ундирилиб, бу борадаги кўрсатгич 2,3 баробарга ошди. Тадбиркорлик субъектлари фойдасига 4,8 трлн. сўм, банклар учун 2,2 трлн. сўм ва фуқароларимиз манфаатларига 750,9 млрд. сўм ундирилди.
Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 37 млрд. 300 млн. сўмлик алимент пуллари ундирилди, 4 млрд. 200 млн. сўмлик (31 та) уй-жой ва 1,5 млрд. сўмлик (15 та) транспорт воситаси алимент учун олдиндан тўлов сифатида берилиши таъминланди.
Ҳозирда, ягона ахборот тизимига 293 мингдан зиёд алимент олувчи ва тўловчи ҳақидаги маълумотлар киритилиб, ижро ҳаракатларини «онлайн» режимда танишиб бориш имкони яратилди.
Республикамиздаги ҳар бир алимент олувчи номига банк ҳисоб-варағи очилиб, уларга 98 минг дона пластик карточка тарқатилди.
Шунингдек, алимент тўлаш учун истаги бўлиб, иш масаласида ечим тополмаган 34 минг 402 нафар ишсиз алимент тўловчиларнинг иш бандлиги ҳал қилинди.
Оиланинг жамиятдаги ўрни ва унинг муқаддаслиги масаласида олиб борилган профилактика ва тушунтириш ишлари натижасида 11 минг 400 дан ортиқ оилалар яраштирилди.
Жорий йилнинг 6 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси масъуллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида мазкур масалалар юзасизан сўз юритилди.
Тадбирда Бюро Бюро директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Ҳайдаров ҳамда масъул ходимлар соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтишди, дея хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси.
Абдулазиз Рустамов, ЎзА