Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жорий йилда субсидия ажратишда нималарга эътибор қаратилмоқда?
12:45 / 2024-09-23

Маълумки, Президентимизнинг 2024 йил 30 апрелдаги “2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги фармонига кўра, уй-жой учун субсидияларга аризалар бериш бугундан бошланади.

Аризаларни Давлат хизматлари марказларига бевосита борган ҳолда ёки “my.gov.uz” ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил равишда топшириш мумкин.

Субсидия учун кимга мурожаат қилинади?

Субсидия олиш учун давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали(my.gov.uz/oz/service/325) ариза берилади. Бунда анкета-ариза электрон тарзда тўлдирилади ва мазкур хизмат мутлақо бепул.

Субсидия олиш учун даромад қанча бўлиши лозим?

Субсидия даромади юқори бўлмаган фуқаролар ёки оилаларга берилади. Ариза берувчи ва/ёки унинг турмуш ўртоғининг (шу жумладан, кафил сифатида келтирган яқин қариндошлари) ўртача даромад миқдори, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – МҲТEКМнинг 2,7 бараваридан (2 млн. 835 минг сўм) 8 бараваригача (8 млн. 400 минг сўм) бўлиши лозим.

Тошкент шаҳрида – МҲТEКМнинг 2,7 бараваридан (2 млн. 835 минг сўм) 9,2 бараваригача (9 млн. 660 минг сўмгача) бўлиши зарур.

Агар субсидия олиш учун даромади етмаса қандай йўл тутиш мумкин?

Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.

Жорий йилда субсидия ажратишда нималарга эътибор қаратилади?

Субсидия ажратишнинг мезонлари бор, уларнинг биринчиси юқорида келтирилган ойлик даромад миқдорига эътибор қаратилади. Иккинчиси, аризачининг амалдаги турар жойининг мақоми, ижара (эр-хотиннинг ўз мулкида уй-жойи мавжуд эмас) эгасининг рухсати билан текин турар жой (эр-хотиннинг ўз мулкида уй-жойи мавжуд эмас), ариза берувчининг ўз мулкида якка тартибдаги уй-жойи мавжудлиги (якка тартибдаги уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш учун) эътибор қаратилади.

Учинчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим шахслар, “лабор-мигратион” дастурида рўйхатдан ўтган меҳнат мигранти, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассис ва (ёки) тиббиёт ходимига эътибор қаратилади.

Ёш оилалар, шу жумладан, 30 ёшдан ошмаган фуқаролар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга эътибор қаратилади. Тўртинчидан, ариза берувчи ва унинг оиласидаги шахсларнинг қуйидаги тоифага мансублигига эътибор қаратилади: биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс, сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи, оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган болани парваришлаётганлар. Ижтимоий мезонлар асосида 30 (жами 50 баллдан) ва ундан юқори балл тўплаганларга субсидия берилади.

Қайси ҳолатларда субсидия берилмайди?

Аризада кўрсатилган маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда, маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда, илгари имтиёзли ипотека кредитлари асосида квартира ёки уй-жой ҳамда субсидия олганлар ариза берганида, жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидия сони тугаганда субсидия ажратиш рад этилади.

Ариза берувчи ва/ёки оиланинг ўртача ойлик даромади юқорида кўрсатилган даромаддан кўп ёки кам бўлганида. Бошқа асослар билан рад этиш мумкин эмас, ариза рад этилганидан сўнг яна қайта мурожаат қилиш мумкин. Субсидия олувчилар кўп бўлганда, дастлаб биринчи ариза берганларга субсидия ажратилади.

Бошланғич тўлов ва кредит фоизи қанча?

Дастлабки тўлов учун 30 млн. сўм субсидия берилади. Шунингдек, субсидия асосида олинган кредит фоизининг 12 фоизидан ошган қисми қоплаб берилади, илгари 10 фоизидан ошган қисмига берилган. 2025 йилдан бошлаб эса фақат Марказий банк асосий ставкасидан ошган миқдор қоплаб берилади.

Кредит миқдори қанча?

Субсидия асосида ажратиладиган кредит миқдори Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 330 млн., Тошкент шаҳрида эса 420 миллион сўмни ташкил қилади. Субсидия асосида ажратилган кредит сотиб олинаётган уй нархига етмаса, банклар ўз маблағидан кредитажратиши мумкин.

Масалан, уй нархи 600 млн., субсидия эса 420 млн., 180 млн. етмаганини банк ўзи кредит сифатида беради ва фоизини ҳам мустақил белгилайди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ипотека асосида янги уй олаётганда кредитни суғурта қилиш бекор қилинган.

Ш.Маматуропова, ЎзА