Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жорий йилда қиймати 50 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
16:46 / 2024-12-18

Маълумки, жорий йилнинг 26 майидан эътиборан таркибида никотин мавжуд бўлган чекилмайдиган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиш тақиқланади.

Шунга қарамасдан ҳамон республикамизга бу турдаги маҳсулотларни олиб киришга бўлган уринишлар учраб турибди.  

Тошкент вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар идоралари ҳамда Миллий гвардия вакиллари билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида тезкор тадбир ўтказилди.   

Тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган 2 нафар шахснинг хонадонлари белгиланган тартибда кўздан кечирилганда хонадонлардан бирида 2 минг 393 дона, яна бирида эса 960 дона чайналадиган никотинли маҳсулотлар қонунга хилоф равишда сақланаётгани аниқланди.  

Хорижда ишлаб чиқарилган ва турли йўллар билан республикамизга олиб кирилган мазкур маҳсулотларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 200 миллион сўмни ташкил қилмоқда.  

Худди шундай номдаги маҳсулотларни олиб киришга уриниш Сирдарё вилояти божхона бошқармаси “Сирдарё” чегара божхона постида ҳам аниқланди.  

Қўшни давлатдан кириб келган ва салқин ичимликлар ортилган юк автотранспорт воситасини божхона кўригидан ўтказиш давомида юклар орасидаги 7 та қоғоз қутида 1 минг 680 қути чайналадиган никотинли маҳсулот яширилгани фош қилинди. Мазкур маҳсулотларнинг қиймати дастлабки таҳлилларга кўра 117 миллион сўмдан ошмоқда.  

Тошкент халқаро аэропортида эса божхона ходимлари Дубайдан учиб келган йўловчилардан бирининг қўл юки ва багажларини кўздан кечириш давомида 200 қути чайналадиган никотинли маҳсулот ва 20 дона электрон сигаретларни олиб киришга уринишнинг олдини олди.  

Божхона ходимларига оғзаки ёки ёзма тарзда маълум қилмасдан туриб, олиб кирилган мазкур маҳсулотларнинг қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 34 миллион сўмдан ошмоқда.  

Эспертлар юқоридаги ҳолатларда олиб қўйилган маҳсулотларнинг айримлари контрафакт эканини таъкидлашмоқда.  

Маълумот ўрнида, республикамиз божхоначилари жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 171 та ҳолатда қиймати 50 миллиард сўмлик 2 миллион 583 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига чек қўйишди.  

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.  

Ш.Маматуропова,  

ЎзА