Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жорий йилда қиймати 1,8 миллиард долларлик 819 та лойиҳа ишга туширилади
19:44 / 2022-09-27

Қарор ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифинг қурилиш материаллари соҳасининг ривожланиш истиқболларига бағишланди.

Унда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси матбуот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов жорий йилда соҳада эришиладиган натижаларни рақамлар таҳлилида кўрсатиб ўтди.

Унинг қайд этишича, 2022 йил якуни билан соҳа бўйича 27,6 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, 1,8 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилиши, 690,0 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниши, маҳаллийлаштириш дастури доирасида 981 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кутилаётир. Шунингдек, 470,0 миллион долларлик қурилиш материаллари импорт қилиниши белгиланган.

– 2022 йил якуни билан қиймати 1 802 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилади, – деди Ж.Шерметов. – Бу эса ўтган йилга нисбатан 127 фоизни ташкил этади. Уларнинг 35 таси йирик, 132 таси ўрта ва 652 таси кичик лойиҳалардир. Шунингдек, жорий йилда қиймати 1,8 миллиард долларлик 819 та лойиҳа ишга туширилади ва 20,9 мингта янги иш ўрни яратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 февралдаги “Уй-жойлар қурилишини ва қурилиш материаллари саноатини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан республикамизнинг Булоқбоши, Қоровулбозор, Фориш, Чуст, Пахтачи, Сариосиё, Оҳангарон ва Ўзбекистон туманларида қўшилган қиймат занжирини яратувчи қурилиш материаллари кластерлари ташкил этилади. 16 та туман ва шаҳарларда бошқа ҳудудлар билан саноат кооперацияси ташкил этилиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Аҳамиятлиси, ушбу қарор ижроси Янги Ўзбекистон массивларини барпо этишда объектларнинг қурилиш муддати ва таннархини камайтиришга хизмат қилади.

Насиба ЗИЁДУЛАЕВА, ЎзА мухбири