Давлат божхона қўмитаси раиси биринчи ўринбосари И.Мухторов Бекобод шаҳрида бир гуруҳ тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Тадбирда асосий эътибор божхона тартиб-таомилларини амалга оширишда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари дуч келаётган муаммо ва тўсиқларни жойида бартараф этишга қаратилди.
Мамлакатимизда экспорт салоҳиятини ошириш, экспортёрларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, хусусан соддалаштирилган божхона тартиботлари кенг қўлланилмоқда.
Бунинг натижасида, жорий йилнинг 10 ойи давомида Бекобод шаҳрида рўйхатдан ўтган тадбиркорларнинг 52,3 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлари “экспорт” божхона режимига расмийлаштирилди.
Экспортдан келиб тушаётган нақд валюта тушумларининг божхона расмийлаштируви ҳам ҳеч қандай тўсиқ ва муаммоларсиз амалга оширилмоқда.
Йил бошидан 5 ноябрга қадар мазкур ҳудуддаги “Ойбек”, “Бекобод” ва “Фарҳод” чегара божхона постлари орқали нақд шаклда салкам 468 миллион АҚШ доллари олиб ўтилган, шундан салкам 466 миллион АҚШ доллари республикамизга олиб кирилган.
Бироқ, божхона соҳасида жорий қилинаётган енгилликлар ва қулайликлардан тўғри фойдаланмасдан, ўзининг ғайриқонуний ниятларини амалга ошираётган шахслар ҳам учраб турибди. Афсуски, ушбу шахслар ўзларининг қинғир хатти-ҳаракатларини “экспортни ривожлантириш” ниқоби остида хаспўшлашга уриниб, давлат божхона хизмати органлари фаолиятини обрўсизлантириш орқали жамоатчиликни чалғитишга уринишаётгани йиғилишда атрофлича муҳокама қилинди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА