Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жорий йилда маиший чиқиндиларни қайта ишлаш 40 фоизга етказилади
10:41 / 2023-01-06

Маълумотларга кўра, бугунги кунда чиқиндиларнинг мингга яқин тури қайд этилган бўлиб, улар сонининг келгусида яна ҳам ортиши башорат қилинмоқда.

Шу боис дунё миқёсида чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бормоқда. Масалан, шиша идиш – бир миллион йил, пластик ичимликлар идишлари – 450 йил, алюминий консерва – 80-200 йил, кучланиш батареялари – 100 йил, каучукли этик – 50-80 йил, пластик стакан, тери, қалай консерва – 50 йил, нейлон мато – 30-40 йил, чарм пойабзал – 25-40 йил, ёғоч – 10-15 йил, сигарета қолдиқлари – 10-12 йил, жун кийимлар – 1-5 йил, сут қутилари – 5 йил, арқонлар – 3-14 ой, пахта қўлқоп – уч ой, картон – икки ой, апельсин ёки банан қобиғи –  икки-беш ҳафта, қоғоз сочиқ – икки-тўрт ҳафта мобайнида чирийди.

Чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан муқобил энергия манбалари ишлаб чиқиш борасида бутун дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда ҳам анча ишлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида Табиат ресурслари вазирлиги бош мутахассиси Нўъмонжон ШОКИРОВ билан суҳбатлашдик.

– Ҳозирги кунда мамлакатимизда чиқиндиларнинг неча фоизи қайта ишланади ва неча фоизи йўқотиб ташланади?

– Инсоният борки, яшаш тарзи, ҳаёти давомида табиатга, атроф-муҳитга ўз таъсирини кўрсатади. Ана шундай таъсирлардан бири бу чиқиндилардир. Шу ўринда айтиш керакки, 2021 йилда республикамиз ҳудудларида тўпланган 7 миллион тонна қаттиқ маиший чиқиндиларнинг 1,8 миллион тоннаси қайта ишланди ёки қайта ишлаш даражаси 26 фоизга етказилган эди.  

2022 йилда 6,8 миллион тонна қаттиқ маиший чиқиндиларнинг 2,2 миллион тоннаси ёки 32,4 фоизи қайта ишланди. Қолган 4,6 миллион тонна қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларга жойлаштирилди.

– Шу ўринда ривожланган давлатларда чиқиндилар билан боғлиқ тизимнинг фаолияти тўғрисида гапириб берсангиз.  Ўқувчиларимизга бу борадаги мисоллар ҳам қизиқ бўлади...

– Ривожланган давлатларда чиқиндиларни ёқиш ва улардан муқобил энергия манбалари олиш усулидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилган. Жумладан, Францияда қайта ишлашга тўғри келмайдиган чиқиндиларни ёқиш учун 130 га яқин заводлар мавжуд. Ёқиш натижасида ҳосил бўлган куллар йўл қурилишида, мазкур жараёнда ҳосил бўладиган ҳароратдан эса уйларни иссиқлик билан таъминлашда фойдаланилади. Бундай корхоналарнинг аксарияти ер остида жойлашган, улар тутун, бадбўй ҳид тарқатмайдиган технологиялардан фойдаланишади.

Швеция ҳар йили ўртача 461 килограмм чиқиндилар ишлаб чиқаради, аммо йилига икки миллион тоннадан ортиқ чиқиндилар ёқиб юборилади. Бу эса мамлакат чиқиндиларининг ярмини иссиқлик энергиясига айлантириб беришни таъминлайди. Бунинг учун WтЕ заводлари (чиқинди-энергетика, WтЕ) мавжуд. 

Швецияда чиқиндиларни энергияга айлантириш дастури 1940 йилда бошланган. Замонавий чиқиндиларни ёқиш заводлари тўлиқ автоматлаштирилган ва бу ишга оз сонли ходимлар жалб қилинади. Чиқиндиларни ёқишнинг ўз тартиб-қоидаси бор. Швецияда чиқиндиларни хомашё сифатида ёқиш учун сертификатланган 32 та иссиқлик заводлари мавжуд. Уларнинг марказлаштирилган иссиқлик энергияси бозоридаги улуши 42 фоизни ташкил қилади. 

Яна бир қизиқ факт шундан иборатки, чиқиндини ёқишдан ҳосил бўлган кулдан металлар ҳам олинади. Ҳатто канализацияга ташланадиган органик моддалар ҳам энергияга айлантирилади. Бундай чиқиндилардан таркибида метан бўлган биогаз, сўнгра шаҳар транспорти учун биоёқилғи ишлаб чиқарилади. Натижада Швецияда чиқиндилар массасининг атиги бир фоизи “аҳлат”га кетади.

Германия, Франция, Швеция, Россия давлатларида чиқиндиларни ёқиш ва улардан муқобил энергия олиш бўйича яшил тарифлар ишлаб чиқилган. Мазкур йўналишда фаолият юритаётган корхоналарга субсидиялар ажратилади.

Афсуски, бугунги кунда, мамлакатимизда қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш ва улардан муқобил энергия олиш бўйича фаолият юритаётган корхона мавжуд эмас.

Республикада чиқиндиларнинг атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига салбий таъсирини камайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги қарори бор. Корея Республикасининг “Sejin G&E Co., Ltd” компанияси томонидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги “Оҳангарон” ва Паркент туманидаги “Майдонтол” қаттиқ маиший чиқинди полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида чиқинди газидан (биогаз) умумий ишлаб чиқариш қуввати камида 16 МВт электр энергия ишлаб чиқарадиган 12 та генератор ва ёрдамчи ускуналар ўрнатиш кўзда тутилган.

– 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида маиший чиқиндиларни йиғишни юз фоизга, уни қайта ишлаш даражасини 21 фоиздан 50 фоизга етказиш вазифаси белгиланган.  Бу давлат топшириғининг бажарилиши суръатлари ҳақида ҳам тўхталсангиз.

Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликдаги “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳаси мавжуд. Унинг доирасида уч юзта чиқинди ташувчи техника харид қилинган. Бугунги кунда 144 та чиқинди ташувчи техника ҳудудларга  етказиб берилган бўлиб, қолган 156 та техника жорий йилнинг учинчи чорагида етказиб берилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Президентимизнинг 2022 йил 11 августда “Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш тизимини яратиш учун 80 та махсус техника, йигирмата зарарсизлантириш ускунаси (автоклав), 40 та утилизация қилиш ускунаси (инсиниратор) ва 60 та тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш ускуналарини харид қилиш бўйича манзилли дастур тасдиқланган.

Тиббиёт чиқиндиларини зарарсизлантириш объектларини ташкил этиш учун 2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг 2023 йилга мўлжалланган қисмида 50 миллиард сўм, 2024-2025 йилларда 130 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ажратилиши белгилаб қўйилган.

– Бундан роса йигирма йил олдин, яъни 2002 йил 5 апрелда Ўзбекистон Республикасининг «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонуни қабул қилинган эди. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда нечта чиқиндиларни қайта ишлаш заводи ишга туширилди?

– Ҳозирги кунга қадар республиканинг тўққизта марказида (Андижон, Бухоро, Гулистон, Жиззах, Навоий, Нукус, Термиз, Урганч, Қарши) маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш кластерлари ташкил этилган.

Улар учун Хитойдан 72 та технологик ускуналар ва 360 та махсус техника воситалари олиб келинган. Кластерлар томонидан 2021 йилда маиший чиқиндилардан 800 минг тоннадан ортиқ иккиламчи хомашё саралаб олиниб, уларнинг 520 минг тоннаси қайта ишланган.

Қолаверса, ҳудудларда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳалари асосида 2020 йилда олтита, 2021 йилда ўн учта ҳамда 2022 йилда ўттиз учта, жами 52 та давлат-хусусий шериклик битимлари имзоланди. Давлат томонидан тадбиркорларга битимлар асосида 1 минг 359 та махсус техника, 63 та полигон, 645 та чиқинди тўплаш шохобчаси, 55 та автотураргоҳ, 4,5 мингта контейнерлар бириктириб берилди. 

Хусусий шериклар томонидан 104 миллиард сўм инвестиция маблағларини киритиш эвазига 154 та махсус техника, 1 минг 936 та чиқинди контейнери, саккизта чиқиндиларни саралаш ускунаси, бешта чиқиндиларни қайта ишлаш ускуналари харид қилинган, учта чиқиндиларни қайта юклаш станцияси, 98 та чиқинди тўплаш шохобчаси қурилиб, 2 минг 300 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида имзоланган битимларга мувофиқ, хусусий шериклар томонидан жами 947 миллиард сўм миқдоридаги киритиладиган инвестиция маблағлари ҳисобига  655 та чиқинди йиғиш шохобчалари, 51 та қайта юклаш станциялари, 42 та саралаш ва 40 та қайта ишлаш заводлари қурилади.

– Жорий йилда бу йўналишда қандай янгиликлар жорий этилиши кўзда тутилмоқда?

– Бу йил бу йўналишда улкан режалар белгилаб олинган. Хусусан, Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда  амалга оширилаётган  “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида 156 та чиқинди ташувчи техника, олти мингта чиқинди контейнерлари, ўн учта экскаватор, ўн учта тиркамали шатакка олувчи транспорт воситаси харид қилиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, ўн тўққизта қаттиқ маиший чиқинди полигонларини рекультивация қилиш ва маҳаллий ҳокимлик ер захирасига қайтарилади.

Энг асосийси, бу йил маиший чиқиндиларни қайта ишлашни 40 фоизга етказиш режалаштирилган. Қолаверса, қурилиш чиқинди полигонларини маҳаллий ҳокимлик маблағлари ҳисобидан қуриш ва жиҳозлаш ва кўплаб тармоқлар учун махсус техника, катта ҳажмли контейнер билан жиҳозлаш кўзда тутилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, чиқиндиларнинг атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига салбий таъсирини камайтириш мақсадида олиб борилаётган бу каби ишлар экологик барқарорликни таъминлашга, заминимизни тоза ва озода бўлишига хизмат қилади.

ЎзА мухбири

Гўзал САТТОРОВА 

cуҳбатлашди.