Ички ишлар органлари ходимлари орасида кундалик ёхуд тунги хизмат фаолияти давомида турли бахтсиз ҳодисалар ва фуқаролар томонидан қаршилик кўрсатилиши оқибатида вафот этиш ҳамда тан жароҳати олиб ногирон бўлиб қолиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи ўринбосари Ҳамза Махсумов, департаментнинг Касбий тайёргарлик бошқармаси бошлиғи Умид Нуруллаев, Кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари Фарид Абдиев, ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Жорий йил 10 ойида ички ишлар органларининг 25 нафар ходими (9 нафари йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида, 16 нафари хизмат вазифасини бажариш вақтида) вафот этган.
Хизмат вазифасини бажаришда қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг таҳсил олган мактаблари ва хизмат жойларига қаҳрамонлик тимсолини акс эттирувчи “Ёдгорлик лавҳалари”ни ўрнатиш, “Ватанга содиқ ўғлон” маърифий бурчакларини ташкил этиш бўйича самарали ишлар йўлга қўйилди. Жумладан, ички ишлар органларида хизмат вазифаларини бажариш вақтида ҳалок бўлган жами 151 нафар ходимнинг таҳсил олган мактабларида хотира бурчаклари ташкил этилди. Шундан 122 нафарининг таҳсил олган мактабларига бюст ҳамда барельефлар ўрнатилди.
Шунингдек, 2022 йил 10 ойи давомида ички ишлар органларининг 284 нафар ходими турли даражада тан жароҳати олиб, аксарияти олган тан жароҳати оқибатида орттирилган ногиронлик ҳолати ёки хизматга яроқсизлиги сабабли, соғлиғининг ҳолатига кўра ички ишлар органларидан бўшатилган.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан хизматга қабул қилишнинг мутлақо янги, шаффоф ва соддалаштирилган тизими жорий этилди. Ўтказиладиган танловларнинг шаффофлигини таъминлаш ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида қабул комиссияси фаолиятида иштирок этиш учун жамоатчилик ташкилотлари вакиллари ва номзодларнинг ота-оналари таклиф этилиши белгиланди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, тизимда бетоб ходимлар даволаниши, ходимнинг бетоб яқин қариндошларини операция қилдириш, ортопедик оёқ кийим ва протез-ортопедик маҳсулотлар билан таъминлаш харажатларини қоплаш, санаторий-курорт муассасаларида даволаниш ва дам олиш, уй-жойга эга бўлиш ёки яшаш шароитини яхшилаш, тўйлар ва дафн маросимларини ўтказиш, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар бериш учун имтиёзлар жорий этилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА