Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига аввалги ташрифи чоғида сўнгги беш йилда аҳоли хонадонлари, ишлаб чиқариш корхоналари сони ортиб бораётганлиги натижасида Фарғона водийси вилоятларида электр энергиясига талаб 40 фоизга кўпайганлигини таъкидлаганди. Юзага келган муаммони бартараф этиш учун қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш, қуёш, шамолдан электр энергияси олишга қаратилган лойиҳаларни ҳамда гидроэлектр станцияларини ишга тушириш бўйича топшириқлар берган эди.
Ушбу топшириқлардан келиб чиқиб, 2024 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида лойиҳа қиймати 28 миллион долларга тенг умумий қуввати 9,55 МВтли саккизта кичик ва микро гидроэлектр станция ишга туширилди.
Давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига бу галги ташрифи доирасида Избоскан тумани Гулистон маҳалласи ҳудудидан ўтган Катта Фарғона канали бўйида хусусий сектор томонидан қурилган дастлабки кичик гидроэлектр станция фойдаланишга топширилди.
Кичик гидроэлектр станция “Vodiy Gidro Energiyasi” корхонасининг 10 миллион доллар маблағига қурилган. ГЭС қуввати 3,2 МВтга тенг бўлиб йилига ўртача 16 миллион кВт-соатдан зиёд экологик тоза, “яшил энергия” ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу билан 7 минг хонадоннинг йиллик электр энергиясига бўлган эҳтиёжи қопланди. Шу билан бирга йилига 4,6 миллион м3 табиий газни иқтисод қилишга эришилди.
Қолган еттитаси Улуғнор туманидаги Фазогир маҳалласидан оқиб ўтувчи Сариқжўга коллектори, Олтинкўл туманидаги Хўжа маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Улуғнор каналидаги иккита, Андижон тумани Янги тўлқин маҳалласидаги Деревация каналига қурилган “Завроқ” биринчи ва иккинчи, шунингдек, Хонобод шаҳрининг Тейит маҳалласида оқиб ўтувчи Ўнг қирғоқ канали, Марҳамат туманидаги Роҳат маҳалласидаги Жанубий Фарғона каналига қурилган кичик ва микро ГЭСлардир.
Вилоятда мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланиш, яъни янги гидроэлектр станциялар қуриш орқали аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини қондиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ишлар режа асосида давом этмоқда.
Хусусан, 2025-2027 йилларда вилоятда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти, маҳаллий ва хорижий инвесторлар томонидан умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳалар доирасида жами қуввати 226,6 МВт бўлган қарииб 800 та кичик ва микро гидроэлектр станция қуриш, фойдаланишга топшириш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилда Жалақудуқ, Балиқчи, Булоқбоши, Олтинкўл, Хўжаобод, Қўрғонтепа, Марҳамат, Избоскан, Пахтаобод, Улуғнор туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида қиймати 70 миллион долларга тенг лойиҳалар доирасида қуввати 31,3 МВтли 14 кичик ГЭС, қиймати 50 миллион долларга тенг лойиҳлар доирасида қуввати 23,7 МВтга 458 та микро ГЭС ишга туширилиши режалаштирилган.
[gallery-22840]
Ана шу кичик ва микро ГЭСларнинг ишга тушиши билан 220 мингта хонадоннинг электр энергияга бўлган эҳтиёжи қопланади.
Умуман, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар натижасида 2027 йилга бориб гидроэнергетика вилоятнинг электр энергияга бўлган талабининг 45 фоизини, аҳоли истеъмолининг 100 фоиз таъминлайди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Рустам НАЗАРМАТОВ(сурат), ЎзА