Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жорий йилда 80 минг гектар экин майдони аҳолига очиқ электрон танлов орқали ижарага берилади
11:46 / 2022-09-13

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 2022 йилда 80 минг гектар экин майдонларини, 2023-2025 йилларда 120 минг гектар экин майдонларини аҳолига очиқ электрон танлов орқали ижарага бериш белгилаб қўйилди.

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, фермерлар ва кластерлар фойдаланишидаги пахта ва ғалладан қисқартирилган ҳамда аҳоли пунктларига яқин ва сув таъминоти яхши бўлган ерлардан жорий йил якунигача қўшимча 20 минг гектар – умумий 100 минг гектар экин майдонлари, 2023 йилда 95 минг 169 гектар экин майдонлари аҳолига очиқ электрон танлов орқали ижарага берилади.

Деҳқончилик учун ерлар аҳолига 30 йилга сув таъминоти яхши бўлган ерлардан – Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида 0,15 гектардан 1 гектаргача, бошқа вилоятларда 0,30 гектардан 1 гектаргача ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 0,30 гектардан 2 гектаргача бўлган ўлчамларда, кам сувли ерлардан – вилоятларда 0,50 гектардан 1 гектаргача ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 0,50 гектардан 2 гектаргача бўлган ўлчамларда ижарага берилади. 

2022–2023 йилларда экин майдонларини аҳолига бериш учун ўтказиладиган танловда 1 та талабгор иштирок этса ҳам, истисно тариқасида танлов ўтказилган ҳисобланади. 

Шунингдек, иссиқхона ривожланган туманларда деҳқон хўжаликларига ажратиб берилган экин майдонларида иситиш тизимларини ўрнатмаган ҳолда енгил конструкцияли иссиқхоналар қурилишига рухсат берилади. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳолига деҳқон хўжалиги учун ер танлов орқали ижарага берилганда, улар дафтарлардан чиқарилмайди ва улар учун барча имтиёз ва преференциялар бир йилга сақлаб қолинади. 

Бир ой муддатда 2022 йилда аҳолига қўшимча тарзда очиқ электрон танлов орқали ижарага бериладиган 20 минг гектар экин майдонларининг ҳамда  2023 йил 1 январга қадар 2023 йилда аҳолига очиқ электрон танлов орқали ижарага бериладиган 95 минг 169 гектар экин майдонларининг аҳоли пунктларига яқин, сув таъминоти яхши бўлган ерлардан танланиши ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг захирасига белгиланган тартибда қайтарилиши ва давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминланади. 

Бунда, ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқининг бекор қилиниши Ер кодексининг 36-моддасида белгиланган ҳолларда, жумладан, ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, ушбу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда, ер участкасидан тупроқ унумдорлиги пасайишига, унинг кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишига, экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилган тақдирда амалга оширилади.

 

Муҳайё Тошқораева, 
ЎзА