Маълумки, ҳар йили давлат дастурлари доирасида бюджет ҳисобидан автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун маблағлар ажратилади. Бироқ, автомобиль йўлларида юк автотранспорт воситаларининг меъёрдан ортиқ юк билан ҳаракатланиши таъмирланган ёки қайта қурилган йўлларнинг бузилишига ёки муддатидан олдин таъмирталаб ҳолга келиб қолишига сабаб бўлмоқда.
АОКАда ўтказилган брифингда Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаеванинг маълум қилишича, Транспорт вазирлиги ҳузурида Транспорт назорати инспекцияси ташкил этилиб, республика ҳудудида автотранспорт воситаларининг рухсат этилган вазн ва габарит параметрларига риоя этилишини назорат қилиш вазифаси юклатилган.
Жойларда 4 та стационар ва 14 та кўчма юк транспорт воситасининг вазн параметрларини назорат қилиш пунктлари ташкил этилган. Бугунги кунда транспорт воситаларининг вазн параметрларини назорат қилиш мақсадида Қамчиқ довонидан ўтувчи A 373 автомобиль йўлининг 193 ва 273 км.да, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи А 380 автомобиль йўлининг 661 км ҳамда 4Р 160 автомобиль йўлининг 0,6 км.да стационар тарозилари фаолияти ташкил этилган бўлса, қолган ҳудудларда кўчма назорат пунктлари фаолияти Транспорт назорати инспекцияси ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати инспекторлари билан ҳамкорликда йўлга қўйилган.
Назорат тадбирлари натижасида 2023 йилда жами 762 минг 855 та юк автотранспорт воситаси назоратдан ўтказилган бўлиб, шундан 1 минг 909 та юк транспорт воситаси меъёридан ортиқ юк билан ҳаракатланган. Жорий йилда ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 91 минг 300 та юк автотранспорт воситалари назоратдан ўтказилиб, шундан 517 та юк транспорт воситаси меъёридан ортиқ юк билан ҳаракатлангани аниқланган.
Ҳудудлар кесимида жорий йилда Қамчиқ довонида 89 минг 616 та юк автотранспорт воситаси назоратдан ўтказилган ва 189 та қоидабузарлик аниқланган. Энг кўп қоидабузарлик Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида содир этилган.
Қайд этиш лозимки, 2024 – 2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 44 та замонавий автоматлаштирилган “WIM” тизимидаги ўлчов тарозиларини ўрнатиш белгиланган бўлиб, жорий йилда қўмита томонидан 8 та автоматлаштирилган назорат пунктларини ишга тушириш режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА