Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, республика бўйича 2022 йилда жами цемент ишлаб чиқариш ҳажми 15,2 миллион тоннани ташкил этди. Ўтган йилга нисбатан 7 фоизга ўсиш таъминланиши режалаштирилган.
Жорий йилда йиллик қуввати 6,8 миллион тоннага тенг 7 та янги цемент ишлаб чиқариш заводи Андижон, Навоий, Наманган, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида ишга туширилди. Ҳозирги кунда республика бўйича цемент ишлаб чиқариш қувватлари 27,1 миллион тоннани ташкил этмоқда. Шунингдек, жорий йилда марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объeктлар қурилишига ўртача биржа котировка нархларида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича 60 минг тонна цемент харид қилинган.
Ўтган 3 чоракда биржа савдоларида бир тонна портланд цемент ўртача 583 минг (ҚҚС билан) сўмдан сотилган. 2022 йилда 1,9 миллион тонна цемент импорт қилинган. Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 1-чоракда табиий газ танқислиги кузатилган ва ушбу даврда 1,8 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилмаган.
2022-2023 йилларда цемент ишлаб чиқариш бўйича амалга ошириладиган инвестицион лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига кўра Андижон вилоятида 2 та, Жиззах вилоятида 1 та, Қашқадарё вилоятида 1 та, Навоий вилоятида 1 та, Наманган вилоятида 2 та, Самарқандда 2 та, Тошкент вилоятида 1 та, Фарғона вилоятида эса 2 та янги цемент заводлари барпо этиш режалаштирилган.
Ҳозирги кунда саноат корхоналарида 5 миллион тоннадан ортиқ юқори маркали цемент ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА