Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жорий йилда 3 миллиард сўмлик илмий ишланмалар амалиётга жорий этилди
21:19 / 2021-08-10

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлган матбуот анжуманида 2020/2021 ўқув йилида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг кадрлар тайёрлаш бўйича олдида турган вазифалари ва келажакдаги мақсадли кўрсатгичларга эришиш механизимлари ҳақида сўз борди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Тошкент давлат техника университетида бугунги кунда жами 9 та факультетдаги 63 та кафедрада 941 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда, ўқитувчиларнинг умумий илмий салоҳияти 42,3 фоизни ташкил этади.

– 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб 1-курсларнинг ўқув жараёни кредит-модуль тизимида ташкил этилди, – дейди Тошкент давлат техника университети ректори Садритдин Туробжонов. – Университетимиз 2020 йилда Россия, Беларусь ва Хитой давлатларининг нуфузли 6 та хорижий ОТМ лари билан бакалавриатнинг 16 та таълим йўналиши бўйича ҳамкорликни йўлга қўйди. Шунингдек, 3 та магистратура мутахассислиги бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда жами 320 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. 

Қўшма таълим бўйича таҳсил олаётган талабаларнинг 50 нафари хорижий ОТМда ўқишини давом эттирмоқда. Хорижий талабалар сонини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, университетга 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб япониялик мутахассис проректор ва ректор маслаҳатчиси лавозимида фаолият кўрсатмоқда ва ушбу хорижлик мутахассис ёрдамида 2021/2022 ўқув йилидан Нагоя университетидан 15 нафар талаба ўқиш жараёнларига жалб этилмоқда.

Халқаро QS ташкилотининг “Ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё” давлатлари университетларнинг 2021 йил учун 2020 йил 16 декабрда эълон қилинган рейтингида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети 358 балл билан мамлакатимизда 3- ўринда қайд этилди. 1- ўринда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва 2- ўринда Ўзбекистон Миллий университети ҳамда 4- ўринда Самарқанд давлат университети эътироф этилди.

Тошкент давлат техника университетида маънавий-маърифий ишларнинг янги тизимини яратиш бўйича 2021 йил биринчи ярми учун “Йўл харита” ишлаб чиқилди ва Маънавият ва маърифат маркази Тошкент шаҳар бўлими билан ҳамкорликда тасдиқланган. “Йўл харита” 6 та бўлим ва 96 та банддан иборат. 

Янги ўқув йили давомида ушбу “Йўл харита”да белгиланган тадбирлар режасига мувофиқ, университет талаба-ёшлари ўртасида маънавий-ахлоқий, тарбиявий ишларни замон талабалари асосида олиб бориш, уларнинг дунёқарашини юксалтириш, ўқиш ва дарсдан бўш вақтини самарали ва мазмунли ўтказиш, шунингдек, ҳар бир талаба-ёш билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ёшларнинг турли хил фан олимпиадалари, тўгараклар, кўрик-танловларда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида жуда кўплаб тадбирлар амалга оширилди.

– Университетимиз мамлакатимиздаги техника соҳасидаги энг йирик олий ўқув юрти ҳисобланади, – дейди Тошкент давлат техника университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Шерзод Неъматов. – Бу зиммамизга катта масъулият юклайди. Малакали кадрлар тайёрлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. 

Жумладан, илм соҳасида янгиликлар яратиш ривожланди. Ҳозир университетимиз профессор –ўқитувчи ва талабалари томонидан 3 миллиард сўмлик илмий ишлар натижаси амалиётга жорий қилинди. Шуни ҳам айтиш жоиз, Инновацион ривожлантириш вазирлиги томонидан 3 та стартап лойиҳамиз молиялаштирилди. Булар ҳар бирининг қиймати 600 миллион сўмдан, жами 1 миллиард 800 миллион сўмни ташкил этади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА