English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жорий йилда 2,1 миллиард долларлик 654 инвестиция лойиҳаси амалга оширилади
19:24 / 2023-09-27

Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда қурилиш материаллари саноатида инвестиция ва экспорт салоҳияти таҳлил қилинди.

Унда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Илёс Раҳимов дастлаб жорий йилда белгиланган режаларга аҳамият қаратди. Саноат корхоналари томонидан 35,3 триллион сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиши, 900 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши ва Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 1,7 триллион сўмлик маҳсулотлар тайёрлаш кўзда тутилганини қайд этди.  

–Жорий йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида тармоқ корхоналари томонидан 404 миллион доллар миқдорида қурилиш материаллари ва хизматлари экспорти амалга оширилиб, белгиланган режа 101 фоизга бажарилди, –деди И.Раҳимов. – Бу кўрсаткичларга 90 миллион долларлик металдан буюмлар, 44 миллион долларлик керамик плитка ва керамика буюмлари, 21 миллион долларлик алюмин профил ва панеллар, 46 миллион долларлик ПВХ профил, труба ва фитинглар каби қурилиш материаллар экспорт қилиш ҳисобига эришилди. Бугунги кунда қурилиш материаллари экспорти географияси ҳам йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Бунда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистондан ташқари Россия, Беларусь, Литва, Туркия, Озарбайжон, Хитой ва Эрон давлатларини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

[gallery-13743]  

Анжуманда уюшма масъуллари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2023–2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва ҳудудларни ижтимой-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси доирасида амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтди. Унга кўра, 2023 йилда жами 2,1 миллиард долларлик 654 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Бу лойиҳаларни молиялаштиришга 1,2 миллиард доллар хорижий инвестиция ва кредитлар жалб этилади ва 15 мингта янги иш ўрни яратилади.  

Йирик инвестиция лойиҳалари асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Самарқанд, Жиззах Навоий, Наманган, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида амалга оширилади.  

– Навоий вилоятидаги "Қизилқумцемент" АЖда 126 миллион доллар инвестиция ҳисобига йилига клинкер (4-линия) ишлаб чиқариш қуввати 1,8 миллион тоннага кенгайтириш лойиҳаси ишга туширилди. Натижада 40 та янги иш ўрни вужудга келди. Тошкент шаҳрида эса "Ориент Керамик" МЧЖ томонидан йиллик қуввати 9 миллион квадрат метр бўлган янги завод фойдаланишга топширилди. Импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп керамик плиткалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводда 200 та янги иш ўрни яратилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 42 миллион долларни ташкил этди. Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида 65 миллион доллар инвестиция ҳисобига "Қорақалпоқцемент" МЧЖ ҚКда юқори маркали цемент ишлаб чиқаришни 1,1 миллион тоннага кенгайтириш ишлари амалга оширилди. Қўшма корхона яна 150 та янги иш ўрнига эга бўлди, – деди уюшма бошқарма бошлиғи Баҳром Аллабергенов.

Шунингдек, тадбирда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Инвестиция дастурига асосан қўшимча равишда истиқболли инвестиция лойиҳалари шакллантирилгани ҳақида ҳам маълумот берилди.  

 

Насиба Зиёдуллаева,  

ЎзА