Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги қарорига бағишланган матбуот анжуманида жорий йилда юртимиздаги тижорат банклари молиявий имкониятлари ва макроиқтисодий ҳолатни ҳисобга олиб, 130 триллион сўм миқдорида кредит ажратиш маълум қилинди.
– Бу кредитларнинг 60 фоизи эски кредитларнинг қайтиши ҳисобидан, яъни аввал ажратилган кредитларнинг фоизларининг қайтарилиши ҳисобидан бўлади, – дейди Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев. – Жорий йилнинг 1 январь ҳолатида кредитлар қолдиғи 280 триллионни ташкил этмоқда.
Агарда 2021 йил учун прогноз қиладиган бўлсак, бу йил ва ундан кейинги йилларда иқтисодиётнинг реал секторида рақобатни ривожлантиришга, инвестицион муҳит ва инфратузилмани яхшилашга йўналтирилган таркибий ўзгаришлар ва иқтисодий ислоҳотлар иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бўлади.
2020 йилдаги кўрсатилган фискал рағбатлантириш ва пул-кредит шароитларининг нисбатан юмшатилиши таъсири 2021 йилнинг биринчи ярмида талаб томондан иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Бунда 2021 йилда ЯИМнинг реал ўсиши 4,5-5,5 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда иқтисодиётга кредит қўйилмалари ҳажми номинал ЯИМ ўсишига мутаносиб бўлади ва 16-20 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Айни вақтда ўтган йилнинг охирги чораги ва январь ойининг биринчи ярмидаги кўрсаткичларни ҳисобга олганда, макроиқтисодий шароитлар Марказий банкнинг базавий прогнозларига мувофиқ шаклланмоқда. Зеро, йил якуни бўйича кўплаб макроиқтисодий ва тармоқ кўрсаткичларининг ижобий ўсиш суръатлари кузатилмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йил якунлари бўйича ЯИМ ўсиши Марказий банк базавий прогноз кўрсаткичларидан (1-1,5 фоиз) юқори бўлиши кутилмоқда.
Сайёра ШОЕВА, ЎзА