2021 йил якунига келиб Ўзбекистонда сув хўжалиги объектларига 5 567 та замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, 3 099 та “Ақлли сув”, 426 та насос станциясига сув миқдорини ва 2 022 та мелиоратив кузатув қудуғига сизот сувлари кўрсаткичлари ва ерларнинг минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилиш қурилмаси ўрнатилди. 20 та сув хўжалиги объекти автоматлаштирилди. 1 минг 688 та насос станциясига 2 минг 173 та автоматлаштирилган электр ўлчов асбоблари ўрнатилди ва республика бўйича ягона электрон ахборот тизимига интеграция қилинди ҳамда электр энергия сарфини “онлайн” назорат қилиш имконияти яратилди.
Бу ҳақда Миллий матбуот марказида ташкил этилган “Ўзбекистоннинг сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар хорижлик эксперт нигоҳида” мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасида сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ва Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегияси халқаро молия институтлари билан жуда пухта ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Устувор йўналишлар белгиланиб, тизимли ва самарали иш олиб борилмоқда.

Шунингдек, 2021 йилда давлат-хусусий шерикликни жорий этиш бўйича қиймати 1 216 млрд. сўм бўлган 100 та лойиҳа юзасидан битимлар имзоланди. Ушбу лойиҳалар доирасида хусусий шериклар томонидан дастлабки 3 йилда 112,3 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилиши ва 152,9 миллиард сўм бюджет маблағи иқтисод қилиниши кўзда тутилган. 5 та хорижий инвестиция лойиҳаси доирасида 136,2 миллион доллар ўзлаштирилди. Бунинг натижасида йил якунига келиб жами 554,5 км канал ва улардаги 353 та гидротехник иншоот реконструкция қилинди. 92 та вертикал суғориш қудуғи бурғиланди. Лойиҳалар ҳудудида 800 млн. сўм эксплуатация маблағлари иқтисод қилинишига, ирригация тизими каналларининг фойдали иш коэффициентини 15 фоизга оширишга эришилди.
Давлат-хусусий шериклик Ўзбекистон сув хўжалиги учун мутлақо янги йўналиш бўлиб, хусусий шериклар сув хўжалигидаги муайян инфратузилмани модернизация қилишга инвестиция киритади ва уни бошқаради. Бу халқаро тажрибада йўллар ёки шифохоналар каби инфратузилмани ривожлантириш ва ишлатишда хусусий капитал ва тажрибани жалб қилиш учун кенг қўлланиладиган механизмдир. Ўзбекистон ҳукумати сув хўжалигида ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича улкан мақсадларни ўз олдига қўйган. Асосий эътибор насос станцияларини модернизация қилишга қаратилган бўлиб, бу энергияни иқтисод қилиш ва агрегатлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини беради.
Мазкур учрашувда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг давлат-хусусий шериклик ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Джон Александр Райт ҳам иштирок этди.
Жон Райт Ўзбекистондаги институционал тузилмалар ҳам, сув инфратузилмаси тармоғи ҳам ўта мураккаб эканлигини, мамлакатнинг миллионлаб аҳолиси қишлоқ жойларда истиқомат қилганлиги боис, уларнинг даромади асосан қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳисобидан шаклланишини ва халқаро эксперт сифатида Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликларининг ташкил этилиши Ўзбекистон учун тўғри қарор бўлган, дея ҳисоблашини таъкидлади.
– Ўзбекистон иқтисодиётида аграр соҳа етакчи тармоқлардан бири ҳисобланади, дейди Жон Райт.– Соҳадаги ҳозирги ҳаракатлар, мана шу интилишлар бардавом бўлса, Ўзбекистоннинг яқин келажакда энг ривожланган давлатлар қаторига киришига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ўтган бир йилга яқин вақт ичида республиканинг деярли барча ҳудудларига бориб келдим. Бу мен учун сув хўжалиги соҳасидаги муаммолар ва реал ҳолатни тушунишимда жуда зўр имконият бўлди.Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Концепцияси мамлакатнинг ўн йилдан кейинги даврда сув ресурслари бўйича кутилаётган ўзгаришларга тайёргарлигини белгиловчи ўзига хос дастур бўлди.
Маълумот ўрнида, Жон Райт Янги Зеландиядаги Линкольн университетини тамомлаган. Сўнгги 15 йил давомида Янги Зеландия фермерлар кооперативи номидан янги ирригация инфратузилмаларини яратиш ишларига раҳбарлик қилган. Кооперативлардан бирининг бош директори сифатидаги фаолияти чоғида Кентерберидаги 25 000 гектар майдонга қувур орқали сув етказиб бериш тузилмасини ишлаб чиқди.
Жон Райт 2021 йил апрель ойидан буён Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда. У давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг хизматини жорий этиш, шунингдек, сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни бошқариш йўналишларида иш олиб бормоқда.
Ўзбекистоннинг сув хўжалиги соҳасидаги трансформацион ўзгаришлар кўп йиллар давом этади. Жон Райт ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, ушбу трансформацион ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор йўналишларни ишлаб чиқди.
Тадбирда мутахассислар томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилда янги ва фойдаланишдан чиққан 129 минг гектар ерларни ўзлаштириш, сув тежовчи технологияларни 260 минг гектарда жорий этиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш, муқаррар сув танқислигини юмшатиш бўйича чораларни амалга ошириш каби вазифалар режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА