Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жорий йилда 12,9 миллиард сўмлик 16 та стартап лойиҳа молиялаштирилди
14:36 / 2022-08-23

АОКАда ўтказилган брифингда Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова стартап экотизимини шакллантириш ва ривожлантириш йўналишидаги ишлар таҳлили бўйича маълумот берди.

Маълум қилинишича, стартап лойиҳаларини молиялаштириш бўйича 2019-2022 йиллар мобайнида 10 та танлов эълон қилинган. Шу кунга қадар танловларга 2 мингга яқин ариза келиб тушган. 2019-2022 йиллар давомида жами ҳисобда 104 миллиард сўмлик 155 та стартап лойиҳа молиялаштирилган. Стартап лойиҳаларни молиялаштирилиши натижасида жами 1 минг 279 та янги иш ўрни яратилган.  

Жумладан, Ёш олимлар ва ташаббускорларнинг инновацион ғоялари ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида вазирликнинг Ёшлар академияси 2019-2022 йиллар мобайнида 9 та танлов ташкил қилиб, жами қиймати 35 миллиард сўмлик 208 та лойиҳа молиялаштирилган. 

2022 йил биринчи ярим йиллигига кўра жами 12,9 миллиард сўмлик 16 та стартап лойиҳалар молиялаштирилган. Бу эса ўз навбатида 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 177,7 фоизга кўп стартап лойиҳалар қўллаб-қувватланганини билдиради. 

Инновацион соҳада тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ёки стартап корхонасига эга субъектларни доимий қўллаб-қувватлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан инновацион технопарклар фаолияти йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда 6 та ҳудудда ёшлар технопарки фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, 2023 йил охирига қадар республиканинг барча ҳудудларида ёшлар технопарклари ташкил этилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги INNO инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопарки тажрибаси асосида Нукус, Бухоро, Жиззах ва Наманган вилоятларида INNO технопарклари фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган.  

Ҳозирги кунда технопарк 4 000 га яқин ёшларни қамраб олган, 11 та стартап корхонаси ташкил қилиниб, 81 та янги иш ўрни яратилган. Шунингдек, 11 та инновацион маҳсулот ва 24 та инновацион ғоялар прототиплари ишлаб чиқилган.  

Шунингдек, вазирлик ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери Миллий офиси томонидан ёшларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қанча лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, ҳар йили ҳар бир ҳудуд миқёсида “TechnoWays” технологик марафони ташкил қилинмоқда. Марафон иштирокчилари лойиҳаларни ривожлантириш бўйича ўқув курсларида иштирок этади ҳамда энг муваффақиятли жамоалар пул мукофотлари билан тақдирланади. 

Ёшлар учун ҳам алоҳида стартап лойиҳалар эълон қилиб борилади. Ўтган йилдан вазирлик ҳузуридаги Ёшлар академияси томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари маблағлари доирасида «Бўлажак олим» танлови ташкил этилиши йўлга қўйилди. Мазкур танловнинг 1-мавсумида жами 25 та стартап умумий қиймати 8,4 миллиард сўмга молиялаштирилди. Шунингдек, умумий қиймати 3,2 миллиард сўм бўлган 48 та илмий ғоя эгаларини рағбатлантириш бўйича қарор қабул қилинди. 2022 йилда мазкур танлов доирасида стартап лойиҳалар бўйича танловнинг 2-мавсуми такшил этилди.  

Иқтидорли ва истеъдодли хотин-қизлар, аёллар ва ёш олималарнинг инновацион фаолияти натижалари ва ташаббусларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий изланишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш ҳамда салоҳиятли ёшларни илм-фанга кенг жалб этиш мақсадида “Бўлажак олим” танлови доирасида “Аёллар бизнеси учун биринчи қадам” танловига эълон берилди. Мазкур танловни ташкил этиш учун Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 10 миллиард сўм маблағ ажратилди.  

Шунингдек, вазирлик томонидан талабалар ўртасида, уларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш мақсадида “Student idea challenge” танловига эълон берилган.  

 

М.Қосимова, 
ЎзА