Жорий йил 1 ноябрь куни Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Келес” темир йўл чегара божхона постида “Алмати-Тошкент” йўналишида кириб келган ҳалқаро йўловчи поезди вагонлари бирин-кетин божхона назоратидан ўтказилди. Вагонлардан биридаги йўловчининг безовталаниши божхона ходимларининг диққатини тортгани сабабли унга тегишли қўл юклари божхона кўригидан ўтказилди.

Энг аввало мамлакатимизга сайёҳ сифатида келаётган шахснинг ўзи билан 5 дона шампунь олиб келаётганлиги ходимларни шубҳалантирди. Энг шубҳалиси эса шампунлар очиб кўрилганида негадир ўзидан одатдаги хушбўй ҳидни таратмас эди. Шунингдек, қўл юклари орасида полиэтилен пакетга солинган оч пушти рангли кристалсимон моддалар ҳам шубҳаларни янада оширди.
Шундан сўнг, мазкур 5 қути шампун экспертизага тақдим қилинди ва олиб борилган таҳлил натижаларидан сўнг шампун қутиларидаги модда синтетик гиёҳвандлик воситаси эканлиги фош бўлди. “Alfa-PVP” деб номланадиган мазкур модданинг умумий ҳажми 910 грамни ташкил қилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, республикамиз божхоначилари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 36 та қонунбузилиш ҳолатларида умумий оғирлиги 100 кгдан ортиқ бўлган синтетик гиёҳвандлик моддаларнинг ноқонуний олиб ўтилиши ва яширин айланмасига чек қўйилган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.
ЎзА