Аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатиш одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш орқали турмуш фаровонлигини ошириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бир кўринишидир.
Фуқароларимизнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароит яратиш, юртдошларимизнинг халқаро ва шаҳарлараро автомобиль транспортига нисбатан талаби тўлиқ қондирилишини таъминлаш мақсадида бугунги кунда “Ўзавтотранс сервиc” корхонаси томонидан “Тошкент” автовокзалидан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари ҳамда Россия Федерациясининг қатор шаҳарларига мунтазам ва чартер қатновлар амалга ошириб келинмоқда.

Жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида биргина “Тошкент” автовокзалидан жами 1 786 155 йўловчи манзилига етказилди. Йўловчиларга 18 маҳаллий, 10 халқаро йўналишда хизмат кўрсатилди. Маҳаллий миқёсда 3 592, халқаро йўналишда 892 Тошкент вилояти ҳудуди ва шаҳар атрофи йўналишида эса 210 095 – жами 214 579 рейс бажарилди.

Хорижий йўналишда ташилган йўловчилар сони 36 144 нафарни ташкил этди.
Айни пайт “Тошкент” автовокзали орқали Қозоғистон Республикасининг Остона, Қарағанда, Туркистон, Қизилўрда шаҳарларига автобус мунтазам қатнаб турибди. Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Краснодар, Қуйи Новгород, Перм, Уфа, Самара, Қозон шаҳарларига ҳам йўловчилар вақтида етказилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, мазкур халқаро йўналишларда қатнов хорижий ҳамкорлар билан паритет асосида “Ўзавтотранс сервиc” томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги қарорига мувофиқ Транспорт вазирлиги ҳузурида ташкил этилган ушбу корхона ихтиёрига 2019 йил Хитойда ишлаб чиқарилган, барча қулайликларга эга юмшоқ ўриндиқли 168 та замонавий “Yutong” автобуслари берилди.

Бир сўз билан айтганда давлатимиз томонидан хорижда меҳнат фаолиятини юритаётган ёки саёҳат илинжида йўлга чиққан ҳамюртларимиз сафари кўнгилдагидек кечишини таъминлаш мақсадида бор имкониятлар ишга солиняпти.
С.Раҳимов,
Оқил Ғуломов(сурат),
ЎзА