Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жорий йил Сурхондарёда яна 19 та кичик ГЭС “яшил” энергия ишлаб чиқара бошлайди
14:35 / 2025-01-25

Сариосиё туманидаги “Тўпаланг” дарёсида қад ростлаган “Зарчоб 2А” кичик гидроэлектр станцияси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда соҳа мутахассислари, нуронийлар, фаоллар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.  

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти раиси Абдуғани Сангинов кейинги йилларда мамлакатимизда муқобил энергия манбаларидан оқилона фойланиб, энергия тақчиллигини бартараф этишга, сув ресурсларини самарали бошқариш орқали истеъмолчиларнинг электр энергияга бўлган эҳтиёжини янада тўлароқ қондиришга қаратилаётган эътибор ўз самараларини бераётганини таъкидлади. Бу жараёнда экологик тоза, арзон электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари оширилаётгани қайд этилди.  

Мутахассисларнинг айтишича, Ўзбекистонда бундан 70 йил муқаддам атиги 39 та ГЭС электр энергияси ишлаб чиқарган бўлса, айни пайтда уларнинг сони қарийб 80 тага етди. Сурхондарё вилоятида экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш кейинги 8 йилда 20 бараварга ошди. Жорий йилда воҳанинг сув оқимларидан самарали фойдаланиш эвазига арзон энергия ишлаб чиқариш қувватлари 300 МВтга етказилади. Ҳудудларда шу йил май ойигача қуввати 435 кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган 14 та, йил якуни билан яна бешта кичик ГЭС ишга туширилади. Келгусида “Тўпаланг” сув омборининг юқори ва қуйи қисмларида 21 та микро ГЭС қурилади.  

Қиймати 3,4 миллион долларни ташкил этган янги кичик гидроэлектр станцияси қуввати 3 МВт бўлиб, йилига ўртача 13,3 миллион кВт.соат электр энергияси ҳосил қилади. У ҳудуддаги 6 минг хонадонни экологик тоза “яшил” энергия билан таъминлайди. Янги қувватнинг ишга туширилиши 3,4 тонна мазут ёки 4 миллион куб-метр табиий газни иқтисод қилиш имкониятини яратади.  

- Кичик ГЭС олти минг хонадонни арзон ва сифатли электр нури билан таъминлаш қувватига эга, - дейди “Зарчоб-2” гидроэлектр станцияси смена бошлиғи Сухроб Мелибоев. - Иншоотга ўрнатилган замонавий гидроагрегат тизими мамлакатимизда ишлаб чиқарилган.  

Тадбир иштирокчилари кичик ГЭСда электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.  

[gallery-21434]

Шу куни вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ва “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти раиси Абдуғани Сангинов Президентимизнинг 2023 йил 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида қурилишига старт берилган “Зарчоб-3” кичик гидро электр станциясида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Мутахассислар ва қурувчилар билан суҳбатлашди. Қуввати 16 мегаватт ва йилига 70 миллион киловатт/соат экологик тоза электр энергияси ҳосил қиладиган навбатдаги гидроагрегат қурилишини тезлаштириш, сифатли якунлаб, ишга туширишга тайёрлаш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди. Шунингдек, Жарқўрғон туманидан оқиб ўтувчи “Аму-Занг” каналида қуввати 50 кВт бўлган 1 та кинетик турбинали микро ГЭС қурилишини кўздан кечирди. Иншоотда амалга оширилаётган ишлар, вилоятда "Ўзбекгидроэнерго" АЖ барпо этаётган умумий қуввати 435 кВт бўлган 14 та лойиҳа, Хитой компаниясининг 5 миллион доллар хорижий инвестиция маблағи эвазига бунёд этадиган бешта микроэлектр станцияси қурилиши ҳақида ахборот берилди.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири