Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жорий йил охирига қадар IT-экспорти ҳажми 100 миллион долларга етказилади
10:03 / 2022-12-23

Мамлакатимизда IT тадбиркорликни ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган. Замонавий норматив-ҳуқуқий база барпо этилган, қатор солиқ ва божхона имтиёзлар тақдим этилган. Қолаверса республика бўйлаб замонавий инфратузилмага эга IT парклар бунёд этилмоқда. Юртимизда малакали IT кадрларнинг етарли равишда мавжудлиги ҳам муҳим афзалликларидан биридир.

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида ( (IT Park) бўлиб ўтган учрашувда ана шулар ҳақида сўз борди.

Учрашувда Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари билан бевосита мулоқот қилди.

Учрашувдан асосий мақсад – халқаро майдонда Ўзбекистоннинг  IT соҳасида эришилган ютуқлар ва юқори салоҳиятга эгалиги тўғрисида потенциал инвесторларни бохабар қилиш ва ҳамкорлик ўрнатишдан иборат.

Учрашувда Ўзбекистонни янги  IT аутсорсинг хабига айлантиришда хорижий давлатлардаги элчиларимиз билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди. Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари  IT Парк фаолияти ва  IT-компаниялар ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар билан бевосита танишди.

Шунингдек, Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири масофавий хизматлар экспорти, жорий этилаётган янги технологиялар, сунъий интеллект технологиялари ва уни янада ривожлантириш ҳақида маълумотлар берди.

Мулоқотда жорий йил охирига қадар  IT-экспорти ҳажмини 100 миллион долларга етказиш мақсад қилингани алоҳида айтиб ўтилди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, мамлакатимизда 2019 йилда  IT Парк резидентлари томонидан ишлаб чиқарилган  IT маҳсулот ва хизматларнинг экспорти 6,2 миллион долларни ташкил қилган бўлса, 2020 йилда мазкур кўрсаткич 16,4 миллион долларгача ўсди. 2021 йилда эса 46 миллион долларни ташкил этди. Жорий йилда резидент компаниялар сони 1073 тага ва хорижий компаниялар сони эса 157 тага кўпайди.

Шу маънода AКТ вазири Ш.Шерматов Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари билан чет элдаги катта компанияларнинг юртимизда ваколатхоналарини очишга кўмаклашиш халқаро  IT майдонда юртимизни танитиш, Ўзбекистон халқаро  IT хабга айлантириш масалалари ҳақида тўхталиб ўтди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон  IT бозорига хорижий инвесторларни жалб қилиш,  IT Парк резидентлари хорижий  IT компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Г.Сатторова

ЎзА