Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жорий йил мамлакатимизда 134 та янги IT-компания ташкил этилди
17:05 / 2022-08-03

Бундан уч йил олдин мамлакатимизда ташкил қилинган IT-паркларга алоҳида солиқ тартиби жорий этилган эди.

Натижада 12,5 минг ёш йигит-қиз юқори даромадли иш жойи билан таъминланди. Ўзини ўзи банд қилган IT мутахассислари сони йил бошига нисбатан 2,5 баробар ошиб, 18 мингдан 43 мингга етди.

Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида айтиб ўтилди.

Йиғилишда жорий йил 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Astrum” академиясига ташриф буюриб, ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари ва ёшлар билан учрашгани яна бир бор ёдга олинди. Шундан келиб чиқиб, IT секторидаги бугунги аҳвол, жараённи янада ривожлантириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар кўриб чиқилди.

Вазир Шерзод Шерматов 2022 йил биринчи ярим йилликда Вазирлик ҳамда соҳа корхоналари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 134 та янги, жумладан 50 та хорижий IT-компания ташкил этилди. Экспортчи корхоналар сони 2 баробар ошди. Мамлакатимизни IT-марказга айлантириш учун, энг аввало, телекоммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш, барқарорлигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди. Кейинги босқичда ана шу инфратузилмани ишлатиш учун кадрлар тайёрлаш даражасини юқори босқичга кўтариш, нафақат пойтахтда, балки республикамизнинг барча ҳудудларида замонавий шарт-шароит яратиш лозимлиги таъкидланди.

- Ёшларни АКТ соҳасига кенг жалб этиш, юқори ҳақ тўланадиган IT-касблар орқали улар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш керак, - деди Ш.Шерматов. - Шу мақсадда мамлакатимиз бўйлаб масофавий хизмат кўрсатиш марказларини босқичма-босқич ташкил этиш чорасини кўриш зарур. 

Тақдим этилган маълумотга кўра, йил охиригача 800 мингга яқин хонадонда юқори тезликдаги интернетга уланиш имконини яратиш, оптик толали интернет қамровини 80 фоизга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, магистрал йўлларнинг мобил алоқа билан қопланишини 60 фоизга кўтариш бўйича ишни жадаллаштириш кўзда тутилган.

Г.Сатторова, ЎзА