“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятига қарашли “Ангрен” кўмир конининг марказий диспетчерлик пунктида журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда мутасаддилар жамият томонидан жорий 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсуми учун республика ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли эҳтиёжлари учун қанча миқдорда маҳаллий кўмир етказиб берилиши, кўмир захиралари, маҳсулот сифати ва уни етказиш тартиблари ҳақида маълумот берди.
“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти бош директори биринчи ўринбосари Алижон Мираҳмедовнинг қайд этишича, 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсуми учун республика ижтимоий соҳа объектларига 518 минг тонна, аҳоли эҳтиёжлари учун 882 минг тонна маҳаллий кўмир маҳсулотлари етказиб бериш режалаштирилган.
[gallery-8098]
– Ижтимоий соҳа объектларига кўмир юклаш ишлари бу йил ҳар галгидан анча барвақт − 1 апрелдан бошланди. Айни пайтда жамият томонидан кунига ўртача 4,5 минг тонна кўмир юклаб жўнатилмоқда. Маҳсулот “Кўмир таъминот” МЧЖга қарашли 101 ҳудудий кўмир омбори ва шохобчалари орқали тарқатилаяпти. 2022 йил 27 июль ҳолатига бюджет ташкилотлари учун 326,3 минг тонна маҳаллий кўмир ортиб юборилган. Кўмир тарқатиш ишлари Самарқанд ва Хоразм вилоятларида намунали ташкил этилмоқда. Шунингдек, республика бюджет ташкилотларини куз-қиш мавсуми учун кўмир билан тўлиқ таъминлаш ишларини 15 сентябрга қадар якунлаш, аҳолини маҳаллий кўмир билан таъминлашни эса 1 декабргача тугатиш режалаштирилган, – деди А.Мираҳмедов.
Унда маълумот берилишича, мамлакатимиз бюджет ташкилотлари ва аҳоли учун мўлжалланган маҳаллий кўмир БР-2 маркали бўлиб, фракцияси 0-300мм.ни, кулчанлиги 17 фоизни ташкил этади.
– Мазкур матбуот анжумани "Ангрен" кўмир конига уюштирилган пресс-тур доирасида ўтказилди, – деди жамият матбуот хизмати раҳбари Неъмат Душаев. – Мақсадимиз эса журналист ва блогерларни “Ангрен” кўмир кони фаолияти билан яқиндан таништиришдир. “Ангрен” кўмир кони “Ўзбеккўмир” АЖнинг қаттиқ ёқилғи қазиб олувчи асосий кони ҳисобланиб, 2022 йилда ушбу кондан 4328,7 минг тонна кўмир қазиб олиш белгиланган. Айни кунларда бу ерда 40 дан ортиқ кон экскаваторларидан фойдаланилмоқда. Уларнинг тўрттаси бевосита кўмир қазиб олиш ва юклаш ишларига сафарбар қилинган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан 2022 йилда истеъмолчиларга 4,8 миллион тонна кўмир етказиб берилади. Биринчи ярим йиллик давомида 2,4 миллион тонна кўмир қазиб олинди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 110,4 фоизни ташкил этади.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА