Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жорий йил ҳосили учун Республикани қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари билан таъминланиши таҳлил қилинмоқда
21:29 / 2021-04-27

Мамлакатимизда 2021 йил ҳосили учун сабзавот, полиз ва картошка экинларини экиш ҳамда зарур миқдорда уруғликлар билан таъминлаш борасида жойларда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиб борилмоқда.

Жумладан, жорий йил ҳосили учун асосий майдонларда 108 минг 726 гектарда сабзавот, 71 минг 506 гектарда полиз ва 50 минг 740 гектар майдонда картошка экиш режалаштирилган бўлиб, ушбу майдонларда экиш учун 1 минг 794 тонна сабзавот, 543,4 тонна полиз ва 152 минг 220 тонна картошка уруғлиги талаб этилади.

"Ўзагроинспекция"нинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан жорий йилнинг 22 апрель ҳолатида сабзавот, полиз ва картошка экинлари экилиши таҳлил қилинди.

Таҳлилларга кўра, 73 минг 871 гектарда сабзавот, 36 минг 73 гектарда полиз ва 31 минг 401 гектарда картошка экилган.

Сабзавот экиш ишлари Жиззах вилоятида 6 минг 448 гектар ёки 85 фоиз, Сирдарёда 7 минг 840 гектар ёки 94 фоиз майдонда экилган бир пайтда, Бухорода 41 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида 44 фоиз ва Хоразм вилоятида 3 минг 624 гектар майдонда сабзавот экилиши таъминланган холос.

Полиз экиш ишлари Хоразм вилоятида 38 фоиз, Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззахда 40 фоиз ҳамда Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 42 фоизни ташкил этмоқда.

Картошка экиш ишлари Сурхондарёда 96 фоиз, Андижонда 91 фоиз ва Бухорода 94 фоиз бўлган бўлса, Фарғона вилоятида 37 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида 40 фоизни ташкил этмоқда.

Бундан ташқари, "Ўзагроинспекция"нинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан 2021 йил ҳосили учун экиладиган майдонларда етишмайдиган уруғликларни экиш муддати тугамасдан импорт қилиш чораларини кўриш бўйича маҳаллий ҳокимликларга огоҳлантиришлар бериб борилмоқда.

Шунингдек, 2021 йил ҳосили учун экиш мақсадида минг тонна маҳаллий шароитда тайёрланган ва 2 минг 90 тонна республикамизга импортёр корхоналар томонидан олиб келинган уруғлик картошкага мувофиқлик сертификатини ўз вақтида кечиктирмасдан бериш бўйича “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУКга топшириқ хатлари юборилиб, бугунги кунда 2 минг 963 тонна уруғлик картошкадан намуналар олинди ва лаборатория таҳлиллари ўтказилди. Лаборатория таҳлили натижасига кўра 2 минг 410 тонна уруғлик картошкага мувофиқлик сертификати берилиши таъминланди.

"Ўзагроинспекция" ва унинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари сабзавот, полиз ва картошка экинларининг экиш мавсуми давомида уруғликларнинг тегишли ҳужжатлари мавжудлиги, уруғликлар нави, авлоди ва тури, уларнинг давлат стандарти талаби бўйича сақланиши ҳамда етказиб берилиши ва сифатли экилиши устидан назорат олиб бормоқда. Инспекторлар томонидан аниқланган камчиликлар бўйича инспекция ваколати доирасида соҳага алоқадор бўлган ташкилот раҳбарларига огоҳлантириш, ёзма кўрсатма ва маъмурий қарорлар қўлланилиши таъминланади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА