“Ўзагроинспекция” ва унинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан “Тошкентдонмаҳсулотлари” АЖ корхонасига пресс-тур ташкил қилинди.
Соҳа мутахассислари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йил ғалла ҳосилидан Тошкент вилояти бўйича жами 267 минг тонна буғдой дони қабул қилинган бўлиб, шундан 132 минг тоннаси жамғарма ҳисобига, 109 минг 300 тоннаси вақтинчалик сақлов ҳамда 25 минг 700 тоннаси уруғлик дон ҳисобига қабул қилинган.
Шулардан очиқ майдонларга жами 204 минг 268 тонна, дон қабул қилиш шохобчаларидаги ёпиқ сиғимларга 68 минг 745 тонна, корхона элеваторларига 113 минг 604 тонна ҳамда махсус майдонларга 12 минг 450 тонна буғдой донлари киритилиши назорат қилиб борилмоқда.
Пресс-тур давомида “Тошкентдонмаҳсулотлари” АЖ корхонаси фаолияти ҳамда корхона элеваторида жамғарилган 2023 йил ҳосилидан олинган буғдой донининг сифати, ун чиқиши ва новвойлик хусусиятини ўрганиш бўйича лабораторияда амалга оширилаётган таҳлил жараёнлари яқиндан ўрганилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 2023 йилда суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача 2,5 тоннадан, жами 2 миллион 565 минг тонна буғдой, жумладан, 1 миллион 283 минг тонна товар буғдой давлат ресурси сифатида ҳамда 240 минг 450 тонна уруғлик буғдой Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилиниши белгиланган. 1 миллион 41,55 минг тонна товар буғдой буғдой етиштирувчилар томонидан кейинчалик биржа савдолари орқали сотиш учун жамғарманинг тижорат вакилида вақтинча сақлашга қабул қилиниши белгилаб қўйилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА