English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жорий йил электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш сарҳисоби қандай?
17:45 / 2020-12-25

Бугун Ўзбекистон миллий матбуот марказида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

"Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Руслан Мубаракшин жорий йилда амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар ҳақида маълумот берди.

– Жорий йилда жамиятимиз томонидан аҳоли ва истеъмолчиларни электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, шу билан бирга, бу модернизация дастурларини амалга ошириш, хорижий инвестициялар ҳисобига реконструкция қилиш, замонавийлаштириш, техника билан қайта жиҳозлаш ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишга катта эътибор қаратилди, – деди Р.Мубаракшин. – Фактлар асосида айтадиган бўлсак, 2019 йилда юртимиздаги иссиқлик электр станциялари томонидан 56,4 миллиард кВт. соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. 2020 йилнинг январ-ноябрь ойларида электр энергиясини ишлаб чиқариш 54 159,3 миллиард кВт. соатга тенг бўлиб, бу режадан 2,8 миллиард кВт. соатга кўпдир. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 3,5 миллиард кВт соатга кўп демакдир. Президентимизнинг 2016 йил 30 декабрдаги қарори асосида Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида ҳар бирининг қуввати 450 МВт. бўлган иккита буғ-газ қурилмасини қуриш инвестицион лойиҳаси жорий йилда муваффақиятли якунига етказилди. Станциядаги 450 МВт. қувватга эга иккинчи буғ-газ қурилмасининг тўлиқ қувватга чиқарилиши натижасида ҳозирги вақтда станция ўз ишини белгиланган режалар асосида олиб бормоқда. Бугунги кунда ушбу янги жорий этилган иккита буғ-газ қурилмаси йилига 6,7 миллиард кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариб, 1 кВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун сарфланадиган шартли ёқилғи миқдори 221,2 гр/кВт.соатга тенг эканини таъкидлаш жоиз.

Тадбирда мазкур лойиҳа доирасида янги турар-жой бинолари, ушбу станциясини қуриш лойиҳаси бўйича иқтисод қилинган 27,3 миллион АҚШ долларига Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидан Андижон шаҳригача чўзилган "Тўрақўрғон ИЭС-Юлдуз подстансияси" 220 кВ икки занжирли 100 км.дан ортиқ масофани ўзида бирлаштирган электр узатиш линияси қурилгани ва бу ишларнинг самараси ҳақида ҳам сўз борди.

Р.Мубаракшиннинг маълум қилишича, бугунги кунда Тахиатош иссиқлик электр станциясида ҳар бирининг қуввати 280 МВт. бўлган иккита буғ-газ қурилмасини қуриш бўйича инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Жанубий Кореянинг “Hunday” консорцуми иштирокидаги ушбу халқаро лойиҳанинг умумий қиймати 678, 2 миллион АҚШ долларига тенг. Айни пайтда электр станцияда 280 мегаваттли биринчи буғ-газ қурилмаси синов-тест режимида лойиҳавий қувватда ишлатилмоқда. Иккинчи буғ-газ қурилмаси яқин вақт ичида ишга тушурилиши кутилмоқда.

“Сирдарё” ИЭСда 2018-2021 йилларда 6 та энергоблокни модернизация қилиш бўйича умумий қиймати 177,7 миллион доллорлик модернизация лойиҳаси 3 босқичда амалга ошириляпти. Бугунги кунда лойиҳага асосан 3- ва 4-энергоблок янгиланган. Яқинда станциядаги 5- ва 6- энергоблоклар модернизация қилиниб, фойдаланишга топширилиши каби юмушлар ҳам соҳада олиб борилаётган тизимли ишлар самарасидир.

Аҳамиятли жиҳати шуки, бу каби саъй-ҳаракатлар туфайли 2020 йилда иссиқлик электр станциялари ва марказлари томонидан 58,5 миллиард кВт. соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Лекин амалда 60,5 миллиард кВт. соат ишлаб чиқариш кутилмоқда. Буни ўтган йил билан таққослаганда, 4,1 миллиард кВт. соатга кўпдир.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА