Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари иштирокидаги анжуманда маълум қилинди.
Дарахтлар. Улар ҳаводаги зарарли карбонат ангидридни ютиб, ўрнига кислород ишлаб чиқаради ва бизнинг нафас олишимизга ёрдам беради. Улар иссиқда салқинлик беради, атроф-муҳитни шовқинлардан ҳимоя қилади.
Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда дунё бўйича 3 триллион атрофида дарахт мавжуд. Бироқ ҳар бир дақиқада уларнинг 27 та футбол майдонига тенг қисми кесилмоқда.
Мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режаси илгари сурилган бўлишига қарамасдан, жорий йил 11 ой давомида дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш ҳолатлари бўйича 10,6 миллиард сўм зарар етказилганлиги аниқланган.
Дарахтларни кесишга эълон қилинган мораторий даврида 392 минг 462 туп дарахт ва буталарни кесиш ва кўчириб ўтказиш бўйича 4 минг 961 та мурожаатлар ўрганиб чиқилган. 351 минг 767 туп дарахтларнинг кесилиши рад этилган. 1155 м3 саксовулларни ноқонуний кесган 412 нафар ҳуқуқбузарларга 928 миллион сўм жарима ва зарар белгиланган. Айдар-Арнасой кўллар тизимида ўтказилган 1 минг 22 та назорат тадбирларида табиатга етказилган зарар учун жарималар белгиланган.
Амалий ишлар вақти келди! Аҳоли яшаш пунктларида дарахтлар экиш ҳамда уларни парваришлаш, доимий жараёндир.
Тадбирда қайд этилишича, қўмита томонидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, дарахт экиш, атмосфера ҳавоси, сув ва ер ресурсларининг ифлосланишини камайтириш, биологик хилма-хилликни сақлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
“Тоза ҳаво” тадбирининг биринчи ва иккинчи босқичларида жами 270 минг 344 та автотранспорт воситалари кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 9 минг 113 таси ёки 3,4 фоизида ишлатилган газларининг ифлослантирувчи моддалари миқдори белгиланган меъёрлардан юқорилиги аниқланган. Уларнинг 2 минг 986 таси вақтинча тўхтатилиши эвазига бир кунда ўртача 102 тонна зарарли газлар ташланишининг олди олинди.
Давлат экологик назорати доирасида 50 мингдан ортиқ рейдлар ўтказилиб, 71 мингдан ортиқ профилактика тадбирлари олиб борилди. Кенг тарқалган фойдали қазилмаларни қазиб олиш натижасида 7 та йирик корхонада бузилган ерлар бўйича 1 минг 543 га рекультивация қилинадиган майдонлар режаси шакллантириб чиқилди.
Маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун тўловларни қабул қилишга 1 минг 573 дона Android терминаллари харид қилиниб, UZCARD ва HUMO тўлов тизимлари билан интеграция қилинди. Соҳада ҳудудларни давлат-хусусий шериклик тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига бириктириш бўйича 17 та битим имзоланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА