Марказий банкининг маълум қилишича, Миллий валюта курси динамикасида ташқи хатарлар ва девалвацион босимлар таъсирларига жавобан тўғриланиш кузатилиб, жорий йил бошидан сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси 6,8 фоизга қадрсизланган.
Юзага келган вазиятни инобатга олиб, Марказий банк алмашув курсининг кескин тебранишларининг олдини олиш ва бозорнинг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида жорий йил март ойининг биринчи ярмида «нейтраллик тамойиллари» доирасида ички валюта бозорида интервенциялар ҳажмини оширди.
Мазкур интервенциялар ўтган йилда валюта бозоридаги ижобий шароитлар натижасида юзага келган қўшимча захиралар ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Келгусида бозорда барқарорликни таъминлаш мақсадида тегишли инвервенциялар амалга оширилиб, миллий валюта курсининг кескин тебранишларининг олдини олиш чоралари кўрилади. Бугунги асосий ставкани оширилиши ҳам юзага келаётган қисқа муддатли салбий таъсирларни (шокларни) юмшатишга қаратилган.
ИЧКИ НАРХЛАР ДИНАМИКАСИ ВА ИНФЛЯЦИОН КУТИЛМАЛАР
Кузатувларга кўра, республика ҳудудларида март ойининг биринчи ярмида энг кўп истеъмол қилинадиган товарлар нархлари – 0,6 фоизга ошди. Бунда, озиқ-овқат маҳсулотлари 0,8 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,4 фоизга ва хизматлар 0,2 фоизга ўсган.
2022 йил февраль ойи сўровлари натижаларига кўра, келгуси 12 ой учун аҳолининг инфляцион кутилмалари 14,0 фоизни ташкил этди. Тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари эса ўтган ойга нисбатан 0,3 фоиз бандга ортиб, 14,6 фоизгача ошди.
Жаҳон бозорида асосий озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархларининг сезиларли даражада ўсаётганлиги, ташқи таклифнинг қисқариши ва географик жиҳатдан ўзгариши, истеъмол товарлари импортида логистика билан боғлиқ масалалар йил сўнгига қадар ички нархларга қўшимча босимни юзага келтириш эҳтимоллари ошмоқда.
Бу борада Ҳукумат билан биргаликда ички бозорда маҳсулотлар таклифини кўпайтириб бориш, логистика билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, муқобил импорт йўналишлари орқали истеъмол товарларига бўлган талабни қондириш ва юзага келиши мумкин бўлган узилишларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриб борилади.
Шунингдек, асосий ставкани ошириш ва валюта бозорини барқарорлаштириш бўйича кўрилаётган жавоб чоралари келгусида инфляцион кутилмаларни жиловлаш ва аҳолининг миллий валютадаги даромадлари харид қобилиятини сақлаб қолишга ҳам хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА