English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жорий йил баҳорги мавсумда республика бўйича 24 минг тоннадан зиёд пилла етиштирилади
12:59 / 2022-03-25

Айни кунларда мамлакатимизда баҳорги пилла мавсуми уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.

 Хусусан, Хитой Халқ Республикасидан келтирилган 256 минг қути ипак қурти уруғларини музлаткичларга жойлаштириш, уруғларини жонлантиришга қўйиш, инкубаторияларни мавсумга тайёрлаш, наслли ипак қурти парваришлаш ва уруғ тайёрлаш ҳамда “Яшил йиллик” умуммиллий лойиҳаси доирасида тут кўчатларини экиш давом этмоқда. 



Жумладан, Сурхондарё вилоятида баҳорги мавсум учун ипак қурти уруғлари жонлантиришга қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов вилоятда мавсумга тайёргарлик ишларини кўздан кечирди. 

Қайд этилишича, пилла ҳосили учун мўлжалланган ипак қурти уруғларининг Сурхондарё вилоятига тегишли қисми инкубаторияларга жойлаштирилди. Пилла уруғлари икки кун давомида хона ҳароратида сақланди. Ҳозирги кунда хона ҳарорати 22 градусга тенг. Уруғларни жонлантириш давом этмоқда. 



Жорий йилда Сурхондарё вилоятида 32 минг 138 қути ипак қурти боқиш режалаштирилган бўлиб, шундан “Angor Huashen Silk Worm Pro” МЧЖ томонидан етиштирилган 26,8 минг қути маҳаллий ипак қурти уруғи парваришланади ва маҳаллий маҳсулот улуши 84 фоизни ташкил этади. Бунинг ҳисобига 1 минг 832  тонна тирик пилла етиштирилади. Шуни қайд этиш лозимки, бу йил жами ипакчилик кластерлари томонидан 7,2 миллион долларлик ипак маҳсулотлари экспорти амалга ошириш режалаштирилган.   

Вилоятда пиллачилик соҳасида жами 117 минг 497 нафар шундан 13 минг 115 нафар доимий, 104 минг 382 нафар мавсумий иш ўринлари яратилади. Бунинг натижасида ишсиз фуқаролар иш билан таъминланиб, уларнинг моддий таъминоти яхшиланади. 

Кузатувлар жараёнида вилоятнинг Шеробод, Қумқўрғон, Бандихон, Музработ, Термиз туманларидаги инкубаторияларда уруғларни жонлантириш жараёнлари кўздан кечирилди. Шунингдек, вилоятдаги тутзорлар ҳолати ўрганилди. 

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 январдаги “Республикада ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, суғориладиган ерлардан жами 57 гектар ер майдонлари ажратилиб, вилоятда 2 та тутчиликка ихтисослаштирилган хўжалик ташкил қилинди.  



Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида  3 минг 967 гектар тутзор мавжуд бўлиб, 2022 йилда тутчилик хўжаликлари томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоят бўйича жами  14,9 миллион туп тут кўчатлари етиштирилади.   

Гулноза Бобоева, ЎзА