Жорий йилнинг 17 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида божхона тизимини янада ислоҳ қилиш ва уни коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилган эди.
Йиғилишда давлат раҳбари божхона тизими мамлакатимизни жаҳон иқтисодиёти билан боғлайдиган муҳим бўғин эканлигини, бу тизим тўғри ва очиқ-ошкора ишламаса, тадбиркорлик ҳамда инвестицияларга тўсиқ бўлиши мумкинлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, йиғилиш давомида соҳага оид жуда кўплаб масалалар кўтарилиб, тизим олдига бир қанча вазифалар қўйилди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш, келгусида божхона соҳасидаги ўзгаришлар, қолаверса, Тошкент шаҳрида бу борадаги режали амалий ишлар тафсилотлари билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳар божхона боқшармасининг “Тошкент-товар” божхона постида бир гуруҳ тадбиркорлар, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, транспорт логистика шунингдек, божхона омборлари раҳбарлари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Очиқ мулоқотда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нодиржон Салимжонов божхона органларига белгилаб берилган вазифалар, хусусан, божхона тизимида “коррупциядан холи” дастурини амалга ошириш энг устувор вазифа бўлиши шартлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, божхона қонунчилигидаги ўзгаришлар, божхона расмийлаштирувидаги енгилликлардан хабардор қилиш ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш мақсадида эндиликда божхона бошқармаси томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тадбиркорлар билан мунтазам равишда учрашувлар ўтказиб турилишини маълум қилди.
Очиқ мулоқот давомида божхона тизимида жорий йилнинг 1 май санасидан бошлаб тадбиркор билан бевосита мулоқотсиз, масофавий юк декларациясини расмийлаштириш жараёнлари амалга оширилиши тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА