Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан бир қатор вазирлик ва идораларнинг 2022 йил учун бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторлар ижроси бўйича амалга оширилган ишлари юзасидан ахбороти эшитилди.
Мазкур масалалар бўйича Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Гидрометеорология хизмати маркази мутасаддилари ахборот берди.

Йиғилишни Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Хайрулло Ғаффоров кириш сўзи билан очиб, қуйидагиларни таъкидлади:
— Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги тегишли қарори 7-иловасида 40 та биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг 2022–2024 йиллар учун бюджет маблағларидан фойдаланишга оид мақсадли индикаторлари тасдиқланган. Хусусан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Гидрометеорология хизмати марказининг табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш, мамлакатимиз экологик тизимини яхшилаш, ўрмонлар барпо қилиш, уларни қўриқлаш ва оқилона фойдаланиш, аҳолини мавжуд ва кутилаётган гидрометеорологик шароитлар, иқлим ўзгариши, табиий муҳитнинг ифлосланиш даражаси тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш билан боғлиқ мақсадли индикаторлари белгиланган. Бугунги эшитувимиз мазкур индикаторларнинг ижросини таъминлаш мақсадида масъул вазирлик ва идоралар томонидан қандай ишлар амалга оширилганини кўриб чиқиш мақсадида ташкил этилди, — деди модератор.

Масъул вакиллар томонидан тақдим этилган ахборотга кўра, 2022 йилнинг биринчи ярмида экология ва атроф-муҳит муҳофазаси тадбирлари учун давлат бюджетидан жами 1 триллион 942,2 миллиард сўм йўналтирилган. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларига эса жорий харажатларга мақсадли индикаторлар бўйича жами 111,2 миллиард сўм ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобига 212 минг гектар майдонда ўрмонлар барпо қилинган, 1 минг тонна дарахт ва буталарнинг ҳамда чўл ўсимликларининг уруғлари тайёрланган. 2 минг гектар майдонда иҳота дарахтзорлари барпо этилган ва бошқа тадбирлар амалга оширилган.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида эса 791 та ичимлик ва оқова сув объектларида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун республика бюджетидан 2,5 триллион сўм ва 245,2 миллион доллар миқдоридаги маблағлар ажратилган. Ушбу маблағлар доирасида 6,5 минг км. ичимлик ва оқова сув тармоғи, 763 дона ичимлик ва оқова сув иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция ишларини амалга ошириш белгилангани таъкидланди.
Маълумки, сув танқислиги боис қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Эшитувда Сув хўжалиги вазирлиги мутасаддилари томонидан қайд этилдики, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш дастури учун субсидиялар бўйича жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 1,34 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилган, ажратилган маблағлар доирасида мақсадли индикаторлар ижроси таъминланган. Жумладан, иқтисод қилинадиган сув миқдори 1 604 млрд м3ни ташкил этган, 9 минг гектарга сув тежовчи технологиялар ҳамда 3 минг 590 дона хўжалик юритувчи субъектлар томонидан сув тежовчи технологиялар жорий қилинган.
Давлат экология қўмитаси томонидан ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, чиқиндиларни утилизация қилиш жойларининг давлат кадастрларини юритиш индикатори доирасида эса 5 миллиард сўм маблағ режалаштирилган бўлиб, шундан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 0,2 миллиард сўми ўзлаштирилган ёки йиллик режага нисбатан 4 фоизга бажарилган, холос.
Эшитувда сўз олган депутатлар соҳаларда амалга оширилаётган ишларни эътироф этган ҳолда, ажратилган маблағларнинг нега ўз вақтида ўзлаштирилмай қолаётгани сабаби билан қизиқди. Ўрмон хўжаликларида иҳота кўчатларини етиштириш, тик қудуқларни ўрнатиш ҳамда ўрмон хўжалиги объектларини кафолатли сув билан таъминлаш ишлари етарли даражада ташкил этилмагани танқид қилинди.
Шунингдек, сув иншоотларининг техник ҳолатини яхшилаш, суғориладиган ер майдонларини кафолатли сув билан таъминлаш, гидрометеорологик кузатув тармоқларини замонавий ўлчов ускуналари билан жиҳозлаш борасидаги мақсадли индикаторлар ижросини таъминлаш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА