2024 йил биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети даромадлари 121 трлн. сўмни ташкил этиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 18,3 фоизга ошган. Деярли барча солиқ турлари бўйича белгиланган режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилган. Давлат бюджети даромадлари таркибида бевосита солиқлар 33,3, билвосита солиқлар 33,1, ресурс солиқлари 14,2 ва бошқа даромадлар 19,5 фоизни ташкил қилган.
Давлат бюджетининг харажатлари ҳисобот даврида 149,8 трлн. сўмни ташкил этиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 21 триллион сўмга (16 фоиз) кўпайган.
Аҳолини сифатли ижтимоий хизматлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида Давлат бюджетидан ажратилган харажатларнинг 49,5 фоизи ушбу соҳани ривожлантиришга йўналтирилган. Ушбу соҳага ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоиз кўп маблағ йўналтирилган.
Ижтимоий соҳа харажатларининг қарийб 70 фоизи таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилган. Жумладан, мактабгача таълим соҳасига ажратилган маблағлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,5 фоизга кўпайиб, 6,4 триллион сўм йўналтирилди. Умумтаълим тизимига эса 4 триллион сўм кўпроқ йўналтирилди яъни бу 24, 7 триллион сўмни ташкил этди. Педагогларга ҳар ойлик устама ҳақи ва рағбатлантириш учун 1,2 триллион сўм ажратилди.
Умумий ўрта таълим учун 56 миллион дарсликлар ва ўқув методик қўлланмаларнинг харажатлари учун 317 миллиард сўм маблағ ажратилган. Мактабларни спорт жиҳозлари ва миллий чолғу асбоблари билан таъминлаш учун 92 миллиард сўм йўналтирилган.
Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботида маълум қилди.
М.Комилова, ЎзА