English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жорий ва мукаммал таъмир, янги ускуналар ўрнатиш ҳамда инновацион технологиялар билан танишув
16:14 / 2023-03-09

Бугунги кунда “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти тизими корхоналари фаолияти назорат ва созлаш ишлари муҳим аҳамият касб этади. Яқинда “Толимаржон ИЭС” АЖда ҳам бу борада самарали ишлар ташкил этилди.

– Айни кунларда тизимдаги корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини истеъмолчиларга етказиб беришда муҳим аҳамиятга эга бўлган очиқ тақсимлаш қурилмаларида режа асосидаги назорат ва созлаш ишлари олиб борилмоқда, – деди “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов. – Бу каби ишлар барча корхоналарда тизимли ташкил этилади. Худди шунингдек, “Толимаржон ИЭС” АЖда ҳам 220 кВ кучланишли очиқ тақсимлаш қурилмасида техник хизмат кўрсатиш ва жорий таъмир ишлари амалга оширилди. Мазкур жараёнда қурилманинг кучланиш трансформаторидаги юқори кучланишдан сақлагич ускуналари таъмирланди, ёғ сатҳи меъёрда эканлиги назоратдан ўтказилиб, болтлари қотириб чиқилди. Ускуналардаги қўшиш ажратгичлардаги асосий ва ерга улагич пичоқларига техник хизмат кўрсатилиб, яроқлилик муддатини ўтаб бўлган ёғлар янгисига алмаштирилди.

Таъкидлаш керакки, ушбу олиб борилган жорий таъмир жараёни очиқ тақсимлаш қурилмасининг ишончлилиги оширилиб, электр энергияси етказиб бериш сифатининг янада яхшиланишига хизмат қилади.

Энергетика тизими ташкилотлари томонидан электр энергиясини ишлаб чиқариш ва ушбу манбаларни истеъмолчиларга етказиб бериш йўлида таъмирлаш билан бир қаторда, янги ускуналарни ўрнатиш орқали таъминотни янада яхшилаш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Ана шундай ишлардан бири Андижон шаҳридаги “Мирпўстин” маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида амалга оширилди.

– Андижон тумани электр таъминоти корхонаси томонидан аҳоли хонадонларига сифатли электр энергияси етказиб бериш мақсадида Андижон шаҳридаги “Мирпўстин” маҳалла фуқаролари йиғини Махфират хожи кўчасига қуввати 160 кВА бўлган трансформатор пункти ва 30 дан зиёд темир-бетон таянчлар ўрнатилди. Ҳозирда 0,2 километр узунликдаги 10 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш ишлари олиб борилиши натижасида 70 дан ортиқ аҳоли хонадонида электр таъминоти янада яхшиланади, –деди “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти матбуот хизмати раҳбари Фахриддин Нуралиев.

Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар филиали томонидан пойтахт истеъмолчиларига электр энергиясини барқарор етказиб бериш ҳамда подстанция қурилмаларини соз ҳолатда ишлаши учун юқори кучланишли подстанцияларда мукаммал ҳамда жорий таъмирлаш, модернизация ва қайта таъмирлаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. 

Хусусан, Сергели туман электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари томонидан 110/10 кВли “Пригородная” подстанцияси мавсумий мукаммал таъмирланмоқда. 

Ушбу подстанция жойлашган ҳудуднинг ён атрофидаги маҳаллалари, Сергели туманининг Сергели 3-мавзе, Сергели 4-мавзе, Сергели 7-мавзе ҳамда Сегели 8-мавзеларини электр энергияси билан таъминлайди. 

Ўз навбатида, нефтни қайта ишлаш заводлари фаолиятини яхшилашда янги инновацион технологияларнинг ўрни беқиёс. Шу мақсадда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва унинг корхоналари мутахассислари Қозоғистоннинг Атирау нефтни қайта ишлаш заводида жорий этилган янги инновацион технологиялар билан танишди.

Атирау нефтни қайта ишлаш заводи “KazMunayGaz” АЖ қарашли завод бўлиб, Қозоғистоннинг энг йирик 3 та нефтни қайта ишлаш заводларидан бири ҳисобланади. У 1945 йилда ишга туширилган. Бугунги кунда заводда авто ёқилғилардан ташқари кимё соҳаси учун керакли бўлган бензол, параксилол маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларни ички ва ташқи бозорга реализация қилиш йўлга қўйилган.

Сафар чоғида бир гуруҳ ўзбекистонлик соҳа вакиллари ушбу заводнинг ишлаб чиқариш технологик қувватлари, имкониятлари ва заводда жорий этилган янги инновацион технологиялар ишини ўрганди. Заводда бу каби амалга оширилган комплекс модернизация ишлари натижасида нефтни қайта ишлаш қуввати 5,5 миллион тоннага ва хомашёни қайта ишлаш чуқурлиги 75,4 фоиздан 84 фоизга оширилган. Муҳими, завод фаолияти ва янгиликлар билан танишув улар учун тажриба ва малака оширишда қўл келади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,ЎзА