Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жўрабек Мирзамаҳмудов: "Юртимизда старт олаётган лойиҳа яшил энергия ҳисобидан водород ишлаб чиқариш имконини беради"
20:32 / 2023-11-27

Ўзбекистонда “яшил” энергетикани ривожлантиришда йирик сармоядор ва стратегик ҳамкор, Саудиянинг етакчи – “ACWA Power” компанияси билан биргаликда қиймати 7,5 миллиард долларлик лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

Бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “ACWA Power” компанияси билан амалга оширилаётган лойиҳалар – Сирдарё вилоятида 1500 мегаватт қувватли замонавий буғ-газ электр станциясини тармоққа улаш ҳамда Тошкент вилоятида “яшил водород”ни “пилот” тарзда ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишни бошлаш маросимида иштирок этди.  

Тадбирда қатнашган Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов икки йирик лойиҳа хусусида фикр билдирди. У журналистларга берган интервьюсида Сирдарёдаги қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган иссиқлик электр станцияси 3 миллиондан зиёд хонадон ва юзлаб саноат корхоналарининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлашини  қайд этди.  

– Президентимиз Сирдарё вилоятида 1500 мегаватт қувватли замонавий иссиқлик электр станциясининг фаолияти ҳамда Тошкент вилоятида “яшил водород”ни “пилот” тарзда ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ишлари бошланаётганини олқишлайди, – деди Жўрабек Мирзамаҳмудов. – Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига, давлат кафолатисиз амалга оширилган, ҳозирги кунда юртимиздаги энг йирик генерация соҳасидаги лойиҳалардир. 

Лойиҳани амалга ошириш муддати энг оғир пайтларга тўғри келди. Яъни коронавирус пандемияси, киритилган чекловлар, шунингдек, аномал совуқ, умуман, логистикадаги мураккабликлар даврида иш олиб борилган.  Иш жараёнидаги қийинчиликларга қарамай, муддатдан аввал қурилиш якунланиб, биринчи турбина бугун генерация қилишни бошлади.  

Ҳозир 500 мегаватт қувват тармоққа узатиляпти. Йил якунигача иккинчи турбина ишга тушади ва бу кўрсаткич минг мегаваттга етказилади. Буғ турбинаси келгуси йили биринчи чоракда тўлиқ ишга туширилгандан кейин 1500 мегаватт қувват билан ишлайди.

Ҳозирги кунда Саудия Арабистонининг етакчи компанияси – “ACWA Power” билан амалга оширилаётган лойиҳалар қуёш, шамол электростанциялар қуришга бўлган имкониятни ошираётганини алоҳида қайд этиш керак.Бундан ташқари, бугун давлатимиз раҳбари бошчилигида меҳмонлар билан биргаликда Тошкент вилоятида “яшил водород”ни “пилот” тарзда ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш лойиҳасига тамал тоши қўйилди. Ҳозирги кунда жуда кўп давлатлар бу йўналишда ғоялар, фикрлар, ташаббуслар билдирган, аммо амалий иш ҳозирча фақат икки давлатда олиб бориляпти. 

Бири Саудия Арабистонида бўлса, иккинчиси, Ўзбекистонда бошланди.Мазкур лойиҳанинг мамлакатимизда старт олаётгани, энг аввало, яшил энергия ҳисобидан водород ишлаб чиқариш имкониятини беради. Ушбу водороддан аммиак олинади. Ҳозирги кунда “яшил энергетика”, “яшил водород” ҳисобидан олинган ўғитларнинг дунё бозоридаги нархи оддий ўғитларга қараганда камида 15-20 фоиз қиммат. Бу янги экспорт бозорларида қўшимча қиймат ва табиий газни ҳам тежаш имконияти, дегани.  

ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.